Саудия АҚШ-Украина учрашувига тайёрланмоқда
Олам
−
08 Март 2025 3467 2 дақиқа
Саудия Арабистони АҚШ ва Украина ўртасида келаси ҳафта учрашув ўтказиш имкониятини олқишлади. Бу ҳақда кеча, 7 март куни подшоҳлик Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.
Расмий Ар-Риёд Украина ва Россия ўртасидаги урушни тугатиш учун қўлидан келган барча ишни давом эттириш ниятида эканини таъкидлади.
Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам 10 март куни Саудия Арабистонига боришини айтган. Зеленский валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан бўлажак учрашув ва АҚШ расмийлари билан музокаралар ўтказишини маълум қилди.
Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, АҚШ-Украина музокаралари Қизил денгиз соҳилидаги Жидда шаҳрида бўлиб ўтади.
“Ташқи ишлар вазирлиги подшоҳлик Украина инқирозига барҳам бериш учун мустаҳкам тинчликка эришиш йўлида ҳаракат қилишда давом этаётганини тасдиқлади”, дейилади баёнотда.
Ўз навбатида, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф Украина билан урушни тугатиш бўйича рамка келишуви бўйича музокаралар олиб бораётганини ва келаси ҳафта Саудия Арабистонида Украина томони билан учрашишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида АҚШ ва Россия расмийлари Ар-Риёдда учрашиб, Европада Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг қонли можарога барҳам бериш йўлларини муҳокама қилган эди. Украина бу музокараларда қатнашмади.
Президентлар Дональд Трамп ва Владимир Зеленский ўртасида 28 февраль куни Оқ уйда бўлиб ўтган музокаралар ёмон ўтди ва учрашувдан бир неча кун ўтгач, Қўшма Штатлар Украинага ҳарбий ёрдам беришни, шунингдек, Киев билан разведка маълумотларини алмашишни тўхтатган эди.
Кейинроқ томонлар Украина минерал хомашёларини ўзлаштириш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим устида ишлашни давом эттирди. 4 март куни Трамп Конгрессда нутқ сўзлаганида, у Зеленскийдан Украина раҳбари “имкон қадар тезроқ музокаралар столига ўтиришга тайёрлигини” айтган мактуб олганини айтди.
АҚШнинг Украина ва Россия бўйича махсус элчиси Кит Келлогг 6 март куни АҚШ ҳозирда Зеленскийдан кейинги чоралар кўришини кутаётганини айтди.
Live
Барчаси31 Декабрь 2025
Фарғона давлат техника университети ректори Қўнғиротбой Шариповга янги ўринбосар бўлди.
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
29 Декабрь 2025