АҚШ ва Россия Ар-Риёдда нималарга келишиб олди?

Олам

image

Бугун, 18 февраль куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Америка ва Россия делегациялари ўртасидаги музокаралар доирасида АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров учрашди. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот котиби Тэмми Брюс маълум қилди.

Қайд этилишича, учрашув АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Россия Президенти Владимир Путин билан жорий йилнинг 12 февраль куни бўлган мулоқотнинг давоми сифатида ташкил этилган. Давлат котиби Рубио билан бирга Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолтц ва Трамп томонидан икки томонлама муносабатларни қайта тиклаш учун танланган махсус элчи Стив Уиткофф ҳам иштирок этган. Лавровга эса Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳамроҳлик қилган.

“Президент Трамп қон тўкилишини тўхтатишни хоҳлайди. Америка Қўшма Штатлари тинчлик истайди ва дунёдаги нуфузидан мамлакатларни бирлаштириш учун фойдаланмоқда. Президент Трамп Украина ва Россияни тинчликка олиб келишга қодир ягона етакчидир”, дейилади баёнотда.

Билдирилишича, томонлар учрашувда қуйидагиларга келишиб олган:

  • Икки томонлама муносабатларга таъсир қилувчи муаммоларни ҳал этиш учун маслаҳатлашув механизмини яратиш ва дипломатик миссияларнинг нормал фаолият юритиши йўлида зарур чораларни кўриш;
  • Украинадаги можарони тезроқ тугатиш учун барқарор, узоқ муддатли ва барча томонлар учун мақбул йўлни ишлаб чиқиш мақсадида тегишли юқори даражали ишчи гуруҳларни тайинлаш;
  • Келажакдаги ҳамкорлик учун асос яратиш, жумладан, Украинадаги можарога барҳам берилгач, юзага келадиган геосиёсий манфаатлар ва иқтисодий-инвестицион имкониятларни ўрганиш.

Шунингдек, учрашув иштирокчилари жараённинг ўз вақтида ва самарали давом этишини таъминлаш учун доимий алоқада бўлишга келишиб олган.

“Битта телефон қўнғироғи ёки битта учрашув барқарор тинчлик ўрнатиш учун етарли эмас. Амалий чоралар кўриш лозим ва бугунги учрашув шу йўлда муҳим қадам бўлди. Ушбу учрашувга мезбонлик қилган Саудия Арабистони подшоҳлигига ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Саудга миннатдорлик билдирамиз”, дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Россия ва АҚШ ўртасидаги музокаралар бугун эрталаб маҳаллий вақт билан соат 10:30 да Ар-Риёдда бошланганди. Тахминан 2,5 соатдан сўнг томонлар 15 дақиқалик танаффусга чиққан, шундан сўнг музокаралар тушликкача давом этган. Кейинроқ эса Юрий Ушаков музокаралардан кейин журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда Америка ва Россия делегациялари ўртасидаги музокаралар якунланганини билдирган. Ушаков музокаралар муваффақиятли ўтганини ва томонлар келгусида бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олишга келишиб олганини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Саудия Арабистони Украина Сергей Лавров Ар-Риёд Марко Рубио

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг