Санкциялардан қўрққан Хитой компанияси АҚШ, Британия ва Канадани тарк этмоқчи – ОАВ

Олам

image

Хитойнинг CNOOC нефть компанияси Ғарб давлатлари ўз активларини музлатиб қўйиши мумкинлигидан қўрқиб, АҚШ, Британия ва Канадани тарк этишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда “Reuters” манбаларига таяниб, хабар берди.

Қайд этилишича, Хитой ва Ғарб ўртасидаги таранглик узоқ вақтдан бери давом этмоқда, бунга савдо муаммолари ва Ғарбнинг Хитойнинг инсон ҳуқуқлари бузилишидан хавотирлари сабаб бўлган. Мазкур вазият айни вақтдаги геосиёсий воқеалар фонида янада ёмонлашган.

“CNOOC АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар ёмонлашгани сабабли ўз активлари Ғарб санкцияларига киритилишидан қўрқиб, Ғарб бозорини тарк этишга интилмоқда”, дейилади хабарда.

Ҳисоб-китобларга кўра, CNOOC ширкатининг Шимолий денгиздаги, Мексика кўрфазидаги конлари ва Канададаги йирик нефть қумлари лойиҳаларидаги улушларини ўз ичига олган активлари кунига 220 000 баррель нефть эквивалентини ишлаб чиқаради.

Маълум қилинишича, компания Лотин Америкаси ва Африкада янги активларни сотиб олишни, Бразилия, Гаяна ва Угандадаги янги йирик конларни ўзлаштиришга сармоя киритишни режалаштирмоқда.

Қайд этиш керак, 12 апрель куни компания Шанхай фонд биржасида қайта рўйхатдан ўтди. CNOOC'нинг соф фойдаси 2021 йилда қарийб уч бараварга ошиб, 11 миллиард долларга етди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3.4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг