Саакашвили Грузия ерларини Озарбайжонга берганликда айбланмоқда
Олам
−
15 Октябрь 2021
5407Грузиянинг собиқ Президенти Михаил Саакашвили Грузия ҳудудининг гўёки ноқонуний равишда Озарбайжонга топширилгани ҳақида кўриб чиқилаётган “картографлар” иши бўйича судга тортилиши мумкин. Бу ишда айбланувчилардан бири, картограф Ивери Мелашвили шундай фикрда.
Унинг ўзи “картографлар иши”ни абсурд, чунки унда жиноят таркиби йўқ, деб ҳисоблайди.
“Исм ва фамилиясидан қатъи назар, бу иш билан ҳар қандай алоқаси бор ҳар бир одам, албатта, сўроқ қилинади. Бу Михаил Саакашвили бўлиши ҳам истисно қилинмайди”, деган прокурор Михаил Саралидзе.
Ўтган йилнинг октябрь ойида “картографлар” ишида Грузия Ташқи ишлар вазирлиги ходими Ивери Мелашвили ва Грузия Ички ишлар вазирлиги ходими Наталья Ильичова ҳибсга олинган.
Улар Саакашвили ҳукмронлиги даврида Грузия ва Озарбайжон ўртасидаги чегарани ўрнатишда 1938 йилдаги эмас, балки 1970 йилдан 1980 йилгача амал қилган харитадан фойдаланганликда айбланган, бу эса чегарани, хусусан, Грузиянинг
Давид Гарежа монастир мажмуаси жойлашган туманидаги ҳудуднинг бир қисмининг нотўғри тақсимланишига олиб келган. Натижада 3,5 минг гектар ер Озарбайжон томонига ўтган.
Судда айбланувчилар 1938 йилги харита кўплаб топографик белгиларни ҳисобга олмаган ҳолда, профессионал бўлмаган тарзда тузилган деб баҳслашган. Бундан ташқари, ўша пайтда Грузия томонида хаританинг асл нусхаси бўлмаган.
Суд қарорига кўра, 2021 йил январь ойида Мелашвили ва Ильичова гаров эвазига озод қилинган. “Картографлар” иши бўйича судья ўзгаргани муносабати билан суд жараёни қайта тикланган.
Аввалроқ, ҳозир қамоқда сақланаётган Михаил Саакашвилининг тарафдорлари мамлакат пойтахти Тбилиси марказида кенг кўламли митинг ўтказгани ҳақида хабар бергандик.
Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Украина фуқароси ҳисобланган Михаил Саакашвили жорий йилнинг сентябрь ойи охирида ватани – Грузияга қайтди ва октябрь ойи бошида ҳибсга олинди. Унга нисбатан ўз ватанида бир неча моддалар билан жиноят иши қўзғатилгани ва қидирувга берилгани сабаб қўлга олинган.
Ўз навбатида, Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат фуқароси ўзга юртда ҳибсга олингани ҳақидаги хабардан хавотирда эканини маълум қилган.
Маълумот ўрнида, Михаил Саакашвили 2004-2013 йилларда Грузия Президенти бўлган. Президентлик муддати тугашига оз вақт қолганида у мамлакатни тарк этган. Шундан сўнг, унга нисбатан тўртта жиноий иш очилган, улардан иккитаси бўйича 2018 йилда ҳукм чиқарилган:
- Тбилиси шаҳар суди Саакашвилини 2006 йилда Грузия Бирлашган банки ходими Сандро Гиргвлианининг ўлдирилишида сиртдан уч йилга озодликдан маҳрум қилган;
- ўша йилнинг июнь ойида суд 2005 йилда депутат Валерий Гелашвилининг калтакланиши иши бўйича собиқ Президентни олти йилга озодликдан маҳрум қилган.
LiveБарчаси