Зеленский Саакашвили ҳимоясига “отланди”. Собиқ Президент қандай ушланганини айтиб берди
Олам
−
02 Октябрь 2021
11560Грузиянинг собиқ Президенти Михаил Саакашвили кеча, 1 октябрь куни ҳибсга олинганда полиция унга куч ишлатмаган, унинг ўзи ҳам қаршилик кўрсатмаган. Бу ҳақда Грузия Омбудсмани Нино Ломжария маълум қилди.
“Саакашвилининг айтишича, у турар-жой квартирасида ҳибсга олинган, у қаршилик кўрсатмаган ва шунинг учун полиция куч ишлатмаган. Ҳибсга олиш пайтида Саакашвили ёлғиз бўлган, ўзи полицияга эшик очган”, деган Ломжария.
Ўз ўрнида Украина Президенти Владимир Зеленский айни вақтда Украина фуқароси ҳисобланган Михаил Саакашвилининг Тбилисида ҳибсга олингани ҳақидаги хабардан хавотирда. Бу ҳақда унинг Матбуот котиби Сергей Никифоров маълум қилган.
"Биз Украина ислоҳотлари миллий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Михаил Саакашвилининг ҳибсга олиниши ҳақидаги хабарларни диққат билан кузатмоқдамиз. Президент Владимир Зеленский бу каби янгиликлардан хавотирда”, деб ёзган Никифоров Facebook’даги саҳифасида.
Таъкидланишича, Украина Грузия томонига мурожаат қилиб, Украина фуқаросига бундай муносабатда бўлингани учун тушунтириш сўрайди.
Қайд этилишича, Украинанинг Грузиядаги элчихонасига Саакашвилининг ҳибсга олиниши ҳақида ҳозирча расмий маълумот келмаган, бироқ консуллар унга зарур ёрдам кўрсатилиши билан шуғулланган.
Эслатиб ўтамиз, Грузиянинг собиқ Президенти Михаил Саакашвили кеча, 1 октябрь куни ватанига қайтганида ҳибсга олинди. Бироз ўтиб, у ҳибсхонада очлик эълон қилгани маълум бўлди.
Маълумот ўрнида, Михаил Саакашвили 2004-2013 йилларда Грузия Президенти бўлган. Президентлик муддати тугашига оз вақт қолганида у мамлакатни тарк этган. Шундан сўнг, унга нисбатан тўртта жиноий иш очилган, улардан иккитаси бўйича 2018 йилда ҳукм чиқарилган:
• Тбилиси шаҳар суди Саакашвилини 2006 йилда Грузия Бирлашган банки ходими Сандро Гиргвлианининг ўлдирилишида сиртдан уч йилга озодликдан маҳрум қилган;
• ўша йилнинг июнь ойида суд 2005 йилда депутат Валерий Гелашвилининг калтакланиши иши бўйича собиқ Президентни олти йилга озодликдан маҳрум қилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь