“Мишага озодлик”. Саакашвилининг тарафдорлари намойишга чиқди

Олам 4725
image

Грузиянинг собиқ Президенти, ҳозир қамоқда сақланаётган Михаил Саакашвилининг тарафдорлари мамлакат пойтахти Тбилиси марказида кенг кўламли митинг ўтказди. Улар Озодлик майдони ва Шота Руставели проспектида йиғилди. Бу ҳақда “Lenta” ёзмоқда.  

Қайд этилишича, митингда бир неча минг киши қатнашган. Намойиш собиқ Президент асос солган Бирлашган Миллий Ҳаракат (БМҲ) мухолиф партияси томонидан уюштирилган ва Батумидаги турар-жой биноси қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар хотирасига бир дақиқалик сукут сақлаш билан бошланган.

Иштирокчилар қўлида “Мишага озодлик” ва “Сиёсий таъқибларга йўл йўқ” каби чақириқлар ёзилган плакатлар, шунингдек Грузия, Украина ва Озарбайжон байроқларини кўтариб олган.

Тадбирда, собиқ Президентнинг қамоқдан яна бир мактуби ўқиб берилди, ҳозирда БМҲ раҳбарлари нутқ сўзламоқда. Акция тинч ўтмоқда, воқеа жойида эса полиция навбатчилик қиляпти.

Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Украина фуқароси ҳисобланган Михаил Саакашвили жорий йилнинг сентябрь ойи охирида ватани – Грузияга қайтди ва октябрь ойи бошида ҳибсга олинди. Унга нисбатан ўз ватанида бир неча моддалар билан жиноят иши қўзғатилгани ва қидирувга берилгани сабаб қўлга олинган.

Ўз навбатида, Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат фуқароси ўзга юртда ҳибсга олингани ҳақидаги хабардан хавотирда эканини маълум қилган

Маълумот ўрнида, Михаил Саакашвили 2004-2013 йилларда Грузия Президенти бўлган. Президентлик муддати тугашига оз вақт қолганида у мамлакатни тарк этган. Шундан сўнг, унга нисбатан тўртта жиноий иш очилган, улардан иккитаси бўйича 2018 йилда ҳукм чиқарилган:

  • Тбилиси шаҳар суди Саакашвилини 2006 йилда Грузия Бирлашган банки ходими Сандро Гиргвлианининг ўлдирилишида сиртдан уч йилга озодликдан маҳрум қилган;
  • ўша йилнинг июнь ойида суд 2005 йилда депутат Валерий Гелашвилининг калтакланиши иши бўйича собиқ Президентни олти йилга озодликдан маҳрум қилган.
Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 90
Рейтинг: 3
t
×