“Ҳурмат сўраб олинмайди”. Қодиров Лавровнинг гапига жавоб қайтарди
Жамият
−
23 Апрель 38173 2 дақиқа
Аввалроқ, Ўзбекистонга келган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Самарқанд шаҳридаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйиш чоғида у ерда ёзилган гаплар рус тилида ҳам келтирилмаганини айтиб, норози бўлганди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодиров мазкур ҳолатга муносабат билдирди.
“Рус сиёсатчилари Ўзбекистонда рус маданияти ва рус тилига бўлган муносабатни ёмонлаштириш учун ҳамма йўлларни синаб кўришмоқда”, деди депутат.
Алишер Қодиров Ўзбекистонда ёшлар ҳеч ким эслатиб турмаса ҳам инглиз, немис, турк ва араб тилларини ўрганишга ҳаракат қилишининг сабабини савол остига олган.
“Сўраб олинган ҳурмат ва ёлғон яратилган эҳтиёждан фақат тескари натижа бўлишини вазир Лавров билмаслиги мумкин эмас”, дейди Алишер Қодиров.
Эслатиб ўтамиз, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров кеча, 22 апрель куни Ўзбекистонга келди. Сергей Лавровни Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кутиб олди. Бугун, 23 апрель куни у Бахтиёр Саидов ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Лавров Ўзбекистон раҳбариятига Россиянинг Украина инқирозини ҳал қилиш учун АҚШ билан алоқалари ҳақида ахборот берганини айтди. Шунингдек, у Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондан Россияга бораётган меҳнат мигрантлари рус тили ва Россия қонунларини билиши кераклигини таъкидлади.