Мирзиёев Лавровни қабул қилди
Жамият
−
23 Апрель 5259 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 23 апрель куни Самарқанд шаҳрида амалий ташриф билан мамлакатда бўлиб турган Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлат раҳбарига Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Суҳбатда Ўзбекистон-Россия дўстлик, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

“Барча йўналишларда фаол мулоқотлар ва сермаҳсул алмашинувлар олиб борилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми ошмоқда. Ҳудудлар ва етакчи саноат корхоналарининг кооперацияси кучаймоқда. Маданият, санъат, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда”, дейилади хабарда.
Шунингдек, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамиз, Сергей Лавров кеча, 22 апрель куни Самарқандга келган эди. Уни аэропортда ўзбекистонлик мавқедоши Бахтиёр Саидов кутиб олди.
Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг маълум қилишича, бугун, 23 апрель куни Ўзбекистон ва Россия Ташқи ишлар вазирлари ўртасидаги музокаралар дўстона ва конструктив руҳда бошланган. Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилмоқда. Шунингдек, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашган.