Рус аскарлари жасади билан тўлган поезд тасвирлари ОАВда тарқалди (видео)

Олам

image

Қатарнинг “Al Jazeera” телеканали Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда ҳалок бўлган россиялик аскарларнинг жасадлари ортилган музлаткичли поездда суратга олинган репортаж эълон қилди. Сюжет Киев вилоятида тасвирга олинган.

Тахминларга кўра, поезд вагонида Украинага қарши урушда ҳалок бўлган рус аскарларининг жасадлари бўлган. Чунки тасвирда Россия армиясининг ҳарбий формаси парчалари акс этган. Бундан ташқари, Россияда ишлаб чиқарилган зирҳли нимча кўрсатилган.

“Al Jazeera” телеканалига кўра, Россия томони ҳозирча ҳарбийларнинг жасадлари ўзига тегишли эканини тан олмаган.

Бироз олдин “The Associated Press” агентлиги украиналиклар ўлган рус аскарларининг жасадларини Харьковдаги музлатгичга қандай қўйгани акс этган фотосуратларни чоп этган эди. Журналистларга кўра, музлатгичда 40 дан ортиқ одамнинг жасади бўлган. 

Эслатиб ўтамиз, Украина Қуролли Кучлари Бош штабининг сўнгги маълумотларига кўра, Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан бери 26 000 га яқин рус аскари ҳалок бўлган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

542

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг