Россияни SWIFT'дан узишга қарор қилинди. Бу нимага олиб келади?
Олам
−
26 Февраль 2022 31152 3 дақиқа
Россияни SWIFT халқаро банклараро тизимидан узишга тайёргарлик бошланди. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзиб қолдиирди.
“Биз кемирдик, кемирдик ва кемирдик. Барча Украина дипломатияси ишлади - Украина Президентидан тортиб Украина элчихонасидаги атташесигача”, деб ёзган Кулеба.
Вазирнинг таъкидлашича, украиналик дипломатлар ушбу ғалабани Украинанинг барча ҳимоячиларига бағишлайди.
УНИАН хабар беришича, АҚШ ва Европа Иттифоқи узоқ вақтдан бери Россияни SWIFT тизимидан узиш масаласини кўриб чиқмоқда. Аввалроқ Франция, Кипр, Италия ва Венгрия ҳам бу таклифни қўллаб-қувватлаган эди. Энг охирги бўлиб Германия бу таклифга бош қўшган.
Агар Россия Федерацияси SWIFT’дан узилса, нима бўлади
Пул маблағларини хорижий ҳисоб рақамларига ўтказиш учун одатдагидек мижоз банки етарли бўлмайди, янги усулларни излаш керак бўлади.
Корхоналар учун хорижлик контрагентларга тўлаш, якуний истеъмолчилар учун эса чет элга пул ўтказмаларини амалга ошириш қийинлашади.
Банк операцияларининг секинлашиши иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида товарлар етказиб бериш занжирларининг узилишига, бу эса ўз навбатида импорт тақчиллигига олиб келади. Товарларни етказиб бериш билан боғлиқ қийинчиликлар ҳам нархларнинг ошишига ва доллар ва евро курсининг яна кўтарилишига олиб келиши мумкин.
Мутахассисларнинг фикрича, SWIFT’дан узилган тақдирда, кўплаб россиялик инвесторлар маҳаллий қимматли қоғозларни оммавий равишда сотишни бошлайдилар, бу эса фонд бозорига зарба беради.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Live
Барчаси