Ғарб етакчилари самолёт ҳалокатида Путиннинг қўли борлигини айтмоқда
Олам
−
24 Август 2023
12255Ғарб давлатлари етакчилари ва расмийлари Евгений Пригожин ўтирган самолёт ҳалокати ортида Россия Президенти Владимир Путин турганини истисно қилмаяпти. Бу ҳақда улар ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ва ОАВдаги чиқишларида айтиб ўтди.
Хусусан, АҚШ Президенти Жо Байден “Вагнер” асосчиси билан нима содир бўлганлиги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлмасада, у бўлган воқеадан ҳайратда эмаслигини айтган, бу воқеада Россия Президентининг “қўли” бўлиши мумкинлигига ишора қилган.
"Мен Пригожин билан нима бўлганини аниқ билмайман. Лекин ҳайрон эмасман. Россияда Путин алоқадор бўлмаган нарса жуда кам. Аммо менда аниқ жавобни билиш учун етарлича маълумот йўқ”, дейди Байден.
Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Адриен Уотсон ҳам Пригожиннинг ўлими ҳақидаги хабарлар тасдиқланса, ҳеч ким ажабланмаслиги кераклигини айтган.
Украина Президентининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк эса X ижтимоий тармоғида қолдирган постида шундай ёзган:
“Кўриниб турибдики, Путин ўзининг ҳайвоний террорида ҳеч кимни кечирмайди. Давлат тўнтаришига уринишдан икки ой ўтиб, Пригожин ва “Вагнер” жамоасининг намойишкорона тарзда йўқ қилиниши Путиннинг 2024 йилги сайловлар арафасида Россия элитасига берган ишорасидир: “Огоҳ бўлинг! Хиёнат ўлимга тенгдир”.
Эстония Бош вазири Кажа Каллас ҳам ОАВдаги чиқишида “Вагнер” самолёти ҳалокатига Путиннинг алоқадорлигини истисно этмаган.
“Агар бу рост бўлса, бу Путин рақибларини йўқ қилаётганини кўрсатади. Путиндан фарқли фикр билдиришни ўйлайдиган ҳар қандай одамни қўрқитади”, дейди Каллас.
Британия парламенти қўмитаси раиси Алисия Кернс ҳам X ижтимоий тармоғида пост қолдириб, самолёт ҳалокатига Россия ҳукумати алоқадор эканига ишора қилган.
“Россия ҳукуматининг Евгений Пригожин ҳалокатга учраган самолётда бўлганини тасдиқлаш тезлиги бизга билишимиз керак бўлган ҳамма нарсани айтиб беради”, дейди у.
Кернснинг сўзларига кўра, “Вагнер” самолёти Россия ҳаво мудофаа кучлари томонидан уриб туширилгани ҳақидаги хабарлар Путин ўз душманларига жуда баланд сигнал берганидан далолат беради.
Польша Ташқи ишлар вазири Збигнев Рау давлат телеканалига берган интервьюсида Пригожин бортида бўлган самолёт ҳалокатини тасодиф деб айтиш “жуда қийин” эканини айтган.
“Владимир Путин ўз ҳокимиятига таҳдид деб ҳисоблаган сиёсий рақиблари табиий равишда ўлмайди”, деган Рау.
Европа сиёсатини таҳлил қилиш маркази эксперти Павел Лузин ҳам Пригожин билан бўлган воқеа Россия элитаси бирлашмаслиги, Кремль ичидаги қарама-қаршиликлар кучайиб бораётганидан дараклигини айтган.
“Россия раҳбариятидаги турли бўлинмалар ўртасидаги мувофиқлаштириш ҳақиқатан ҳам ёмон. Ахир, агар Владимир Путин шунчалик қудратли бўлса, нега Пригожинни қамоққа олмади?” дейди у.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 август куни Россиянинг “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин Москва шимолида ҳалокатга учраган хусусий самолёт йўловчилар рўйхатида бўлгани хабар қилинди. Россия расмийлари самолётдагилардан ҳеч ким омон қолмаганини айтмоқда.
LiveБарчаси