Россия ва қўшни мамлакатлардаги ўзбек муҳожирлари Ватанга олиб келинадими?

Жамият

Маълумки, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ ҳолат қайд этилганидан кейин, 16 мартдан эътиборан барча хорижий авиақатновлар ва автомобиль транспортида йўловчи ташиш тақиқланди. Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда эса олий таълим муассасалари ёпилди. У ерда эса минглаб ўзбекистонлик талабалар таҳсил олади. Шунингдек, Россия Федерециясининг турли шаҳарларида минглаб ўзбекистонлик меҳнат муҳодирлари ва талабалар бор. 

QALAMPIR.UZ тўплаган маълумотларга қараганда, авиақатновлар бекор қилингунга қадар Россия ва Ўзбекистон шаҳарлари ўртасида келгуси ҳафтада 27 та рейс амалга оширилиши режалаштирилган эди. Бир ҳафтада 35 минг киши қайтиши кутилаётганди. Хўш, улар Ўзбекистонга қандай олиб келинади? Ушбу савол билан QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповга юзланди. 

“Фуқароларимизни олиб келишга келсак, четга чиққанларнинг ҳаммасини олиб келишга имкон яратиб берамиз. Эртадан бошлаб бошқа мамлакатлар билан рейсларни тўхтатамиз. Сиз айтган 27 рейс ҳам келмайди. Чунки, улардаги йўловчиларнинг ҳаммаси ҳам ўзбекистонлик эмас. Сизга шуни маълум қиламанки, 11 март куни Франциядан учиб келган самолётда 45 киши бўлган. Уларнинг ярми Ўзбекистон фуқароси бўлмаган. Улар биз орқали учинчи давлатга учиб кетган”, дейди Абдулла Арипов. 

Айни вақтда Ўзбекистонда бўлиб турган хорижий сайёҳларни ўз юртига жўнатиб юбориш учун барча зарурий чоралар кўрилмоқда. 

Матбуот анжуманида қайд этилишича, Ўзбекистон ҳаво қатновлари ва автомобиль орқали кириш-чиқишга тақиқлар жорий қилгани билан, темир йўл транспорти учун яна уч кун муҳлат берган. Бош вазир чет элдаги ўзбекистонликларни мамлакатга олиб келиш ҳақида шундай дейди: 

“Ўзбекистонга келмоқчи бўлган ва қўлида чиптаси бор фуқароларимизни олиб келиш учун эҳтиёжга қараб чертер-рейсларни ташкил қиламиз”. 

Коронавирус пандимеяси дунё бўйлаб юқори хавф уйғота бошлагандан буён Ўзбекистон Ҳукумати Хитой билан ушбу касалликни бартараф этиш бўйича ҳамкорликни олиб борган ва иккита самолётда махсус мутахассислар олиб келинган. Айни вақтда яна иккита самолётда мутахассисларни келтириш чоралари кўрилмоқда. 

Бош вазир Арипов хориждан келувчи ўзбекистонликларнинг оқими ҳақида гапираркан, “Сизлар ўйламанглар, хавфсизлигини таъминлай олмайдиган миқдорда одамларни олиб келиш режамиз йўқ. Лекин, сиз айтганингиздек, 35 минг эмас, ундан ҳам кўп одамларимизни олиб келиб, жойлаштиришга биз тайёрмиз”, дейди. 

Маълум қилинишича, чет элдан олиб келинган ўзбекистонликлар тегишли тартибда текширувларда ўтказилиб, 14 кунлик карантинга олинади.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 15 март куни соат 06:00 да Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилди. Ушбу вирусни юқтириб олган фуқаро жорий йилнинг 11 март куни Франциянинг Париж шаҳридан қайтган. Вирус билан оғриган ўзбекистонлик аёл олий тоифали шифокор бўлган

Маълумот учун, дунё бўйича 163 080 киши коронавирусга чалинган. Касалликдан 6085 киши вафот этган. 76 219 киши ушбу вирусдан фориғ бўлган.

Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Мигрантлар Абдулла Арипов коронавирус

Баҳолаганлар

355

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг