Коронавирусни юқтириб олган бемор ҳақида тўлиқ маълумот берилди
Жамият
−
15 Март 2020
51631Бугун, 15 март куни соат 06:00 да Ўзбекистонда COVID-19 коронавирус инфекциясига чалинган илк бемор аниқланди. Бемор жорий йилнинг 11 март куни Париж-Тошкент рейсида Ўзбекистонга қайтгани аниқланди. Коронавирусни юқтириб олган аёл олий тоифали шифокор бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан ўтказилган Матбуот анжуманида сўз борди.
Бемор жорий йилнинг 28 феврал — 11 март кунлари Францияда сайёҳатда бўлган.
11 март куни соат 6:00 да Париж-Тошкент 252-рейси билан Тошкентга учиб келган. Тошкент халқаро аэропорти санитария-карантин пунктида термометрия ҳамда бирламчи тиббий текширувдан ўтказилган ва текширув давомида касаллик белгилари аниқланмаган. Асосий яшаш манзилига аниқлик киритилиб, уй шароитида 14 кунлик тиббий кузатувга олинган.
Жорий йилнинг 13 март куни бемор томоғида қичишиш, тана ҳарорати кўтарилиши ҳамда йўтал белгилари билан шифохонага ётқизилган.
Бемордан 14 март куни коронавирус инфекциясига лабортория таҳлили учун Вирусология илмий-тадқиқот институти клиникасига намуна олинган ва 15 март куни соат 06.00да намуна жавобларига кўра коронавирус инфекцияси борлиги тасдиқланган. Самолётда бемор билан 48 нафар йўловчилар келган. Улардан 24 нафари транзит йўловчилар бўлиб, қолган 24 нафари Ўзбекистонда қолган. Ушбу фуқароларнинг 4 нафари Франция, 1 нафар Италия ва 1 нафар Бразилия фуқаролари бўлган.
Ўзбекистонда қолган 24 нафар фуқаролар асосий яшаш манзили бўйича рўйхатлари шакллантирилди. Уларни 14 кунлик карантин ўтказиши учун махсус тайёрланган муассасаларга жойлаштирилди. Шунингдек, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида 11 март куни фаолият олиб борган 69 нафар чегара қўшинлари, божхона, аэропорт ходимларининг рўйхати шакллантирилди ҳамда махсус муассасаларда 14 кунлик тиббий кузатувга олинди.
Беморнинг 10 нафар оила аъзолари тўлиқ текширувдан ўтказиш учун Вирусология илмий-тадқиқот институти клиникасига жойлаштирилди. Бемор истиқомат қилувчи кўп қаватли уй ва бемор хонадонида дезинфекция тадбирлари ўтказилди. Шу билан бирга, мазкур кўп қаватли уйда яшовчи 230 нафар фуқаролар рўйхати шакллантирилиб, тиббий кузатувга олинди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповнинг қайд этишича, вирусни юқтириб олган бемор билан алоқада бўлган жами 150 киши изолцияга олинган. Улар орасида беморнинг 9 нафар оила аъзолари ҳам бор.
Маълумот учун, дунё бўйича 162 651 киши коронавирусга чалинган, уларнинг 6069 нафари вафот этган, 76 219 нафари касалликдан фориғ бўлган.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.
LiveБарчаси