Россия-Украина уруши: Мариуполда 2 мингдан ортиқ одам ўлдирилди

Олам

image

Уруш бошланганидан бери Украинанинг Мариуполь шаҳрида Россия ҳарбийларининг ҳужумлари оқибатида 2187 киши ҳалок бўлган. Бундай маълумот шаҳар кенгаши томонидан келтирилган.

Шунингдек, кенгаш маълумотига кўра, шаҳарга бир суткада 22 марта ҳавор зарбаси берилган ва тахминан 100 та бомба улоқтирилган. 

Шаҳар кенгашининг таъкидлашича, рус қўшинлари “турар-жой бинолари, одамлар гавжум жойларни нишонга олган ҳолда зарба бермоқда, болалар шифохоналари ва шаҳар инфратузилмасини бутунлай вайрон қилмоқда”.

Мариуполь бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида қамалда қолмоқда, ундан барча чиқиш йўллари тўсиб қўйилган. Бир неча кун олдин Мариуполни тарк этган ва ҳозир унинг чеккасида бўлиб турган украиналик журналист Артем Попов у ерда нималар бўлаётганини айтиб берди.

“Мариуполь мутлақо тартибсиз бомбардимон қилинди, деб айта олмайман, аммо шифохоналар, мактаблар ва диний муассасалар ўққа тутилди. Улар [Россия ҳарбийлари] тушунишимча, ёнғинни ўчиришнинг иложи бўлмаслиги учун ўт ўчириш бўлимларини ўққа тутмоқда. Сўнгги пайтларда 400 дан 1000 гача одам бўлган бошпаналарга ҳаво ҳужумлари уюштирилди. Одамлар оммавий қабрларга кўмилмоқда. Кўчада ўлганлар жуда кўп” деган журналист.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

98

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг