Россия уч давлат сиёсатчиларига мамлакатга киришни тақиқлади

Олам

image

Россия Исландия, Норвегия, Гренландия ва Фарер оролларининг бир қатор парламент аъзолари, ҳукумат аъзолари, бизнес, академик ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг мамлакатга киришини тақиқлади. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида қайд этилиган.

Баёнотда келтирилишича, Исландия, Норвегия, шунингдек, Даниянинг Гренландия ва Фарер ороллари автономияларининг Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларига қўшилиши ҳамда мамлакат расмийларига нисбатан шахсий чекловлар киритгани учун зарур чора-тадбирлар кўрилган. 

“Исландиянинг тўққиз нафар, Норвегиянинг 16 нафар, Гренландиянинг уч нафар ва Фарер оролларининг уч нафар вакилига қарши қарши чоралар кўрилди. Бу шахсларга мамлакатимиз ҳудудига кириши тақиқланган”, дейилади хабарда.

Вазирликнинг қайд этишича, бир қатор парламент аъзолари, ҳукумат аъзолари, ишбилармон, илмий доиралар вакиллари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, Россияга қарши риторикани фаол тарғиб қилаётган ҳамда Россия Федерациясига қарши сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этаётган айрим жамоат арбоблари Россиянинг “Қора рўйхати”га киритилган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг