Россия Нобель мукофотининг муқобилини яратмоқчи
Олам
−
29 Ноябрь 2025 4804 3 дақиқа
Россия Давлат кенгашининг Маданият ва “Анъанавий маънавий-ахлоқий қадриятлар” комиссияси навбатдаги йиғилишида адабиёт бўйича Нобель мукофотига рус тилидаги эквивалентини яратиш ғоясини муҳокама қилади. Бу ҳақда комиссия раҳбари ва аннекция қилинган Севастополь губернатори Михаил Развозжаев ТАСС агентлигига маълум қилди.
Ташаббус Хитой, Ҳиндистон, Лотин Америкаси ва Африка билан ҳамкорликда муқобил мукофот яратишни таклиф қилган ёзувчи ва тарғиботчи Захар Прилепиндан чиқди. Уни Президент ёрдамчиси, Россия Ёзувчилар уюшмаси раҳбари, “рус халқидаги қўшимча хромосома” концепцияси муаллифи Владимир Мединский қўллаб-қувватлаб, адабиёт бўйича Нобель мукофоти “сезиларли даражада ўз ўрнини йўқотмоқда” ва “Нобель Тинчлик мукофоти билан рақобатлашаётганини айтди.
Развозжаев Мединскийнинг фикрига қўшилди. Унинг таъкидлашича, Россия ўзининг юқори ҳақ тўланадиган ва нуфузли мукофотини яратиш учун “муддати ўтиб кетган” ва у нафақат ҳозирги бозор тенденцияларини эмас, балки “жаҳон маданиятига қўшган ҳиссаси ва чуқурлигини” эътироф этади. Унинг айтишича, бундай мукофот Россия чегараларидан ташқарида ҳам, биринчи навбатда, BRICS, ШҲТ, МДҲ ва бошқа ассоциациялардаги “дўст давлатлар” орасида ҳам талабга эга бўлиши мумкин. Развозжаев буни “маданий кўп қутблилик”ни намойиш қилиш имконияти сифатида кўрмоқда.
Муҳокамага 2025 йилги адабиёт бўйича Нобель мукофотининг венгриялик ёзувчи Ласло Краснахоркаига берилиши сабаб бўлди. Нобель қўмитасининг таъкидлашича, мукофот унга “апокалиптик даҳшат шароитида ҳам санъат қудратини яна бир бор тасдиқловчи, кучли ва башоратли ижоди учун” берилган.
Қўмита қарорини шарҳлар экан, Прилепин Нобель мукофотини “демократик ривожланаётган мамлакатларда” адабиётни тарғиб қилишда қўлланиладиган “сиёсий восита” деб атади ва унинг фикрича, “Ғарб мафкуравий кун тартиби”га амал қилишга тайёр ёзувчиларни рағбатлантиради. Унинг таъкидлашича, Россия нафақат ўзига хос адабий мукофот, балки “Оскар” ва бошқа халқаро мукофотларга ўхшаш нарсаларни ҳам яратиши керак, чунки мамлакат “уят ва виждон”ни йўқотган “бировнинг карнавалида қатнашмоқда”.
Бу йил кимлар Нобель мукофотига сазовор бўлди?
Физиология ёки тиббиёт: Мэри Е. Брункоу, Фред Рамсделл ва Шимон Сакагути – иммун тизими ҳақидаги кашфиётлари учун.
Физика: Жон Кларк, Мишель Деворе ва Жон Мартинис – квант механикаси ва электр занжирлари бўйича ишлари учун.
Кимё: Сусуму Китагава, Ричард Робсон ва Омар М. Яғи – масалан, карбон газини ушлаб қолиш имконини берадиган металл-органик тузилмаларни яратишдаги ишланмалари учун.
Адабиёт: Ласло Краснахоркай – “апокалиптик қўрқув орасида ҳам санъат кучини тасдиқлайдиган ҳайратланарли ва виждонли ижоди” учун.
Тинчлик бўйича: Мария Корина Мачадо (Венесуэла мухолифат етакчиси) – “демократик ҳуқуқларни тарғиб қилишдаги тинмай олиб борган меҳнати” учун.
Иқтисод фанлари бўйича Нобель мукофоти: Ёэл Мокир (Northwestern University), Филип Агийон (INSEAD ва London School of Economics) ҳамда Питер Ховитт (Brown University) га инновация асосидаги иқтисодий ўсиш ҳақидаги ишлари учун берилди.
Live
Барчаси