Жавоб зарбаси: Россия Украинани байрам билан “сийламоқчи”
Олам
−
08 Май 7331 2 дақиқа
Россия Мудофаа вазирлиги Украина томонини 8 май куни эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш режимини бузишда айблади ва шу сабабдан жавоб зарбаси бўлишини маълум қилди.
Россия Қуролли кучлари Олий бош қўмондони қарорига кўра, гуманитар сабаблардан келиб чиқиб, Ғалабанинг 81 йиллиги муносабати билан 8 май соат 00:00 дан бошлаб махсус ҳарбий операция ҳудудидаги барча рус қўшинлари жанг ҳаракатларини тўлиқ тўхтатгани ва эгаллаб турган позицияларида қолгани маълум қилинган.
Россия томонининг иддаосига кўра, шунга қарамай, Украина Қуролли кучлари дронлар ва артиллерия ёрдамида Россия позициялари ҳамда Белгород ва Курск вилоятларидаги фуқаролик объектларига ҳужумларни давом эттирган.
Баёнотда айтилишича, Украина армияси Россия позицияларига артиллерия, реактив тизимлар, миномётлар ва танклардан 153 марта ўқ узган.
Шунингдек, 887 та дрон ҳужуми амалга оширилгани айтилмоқда. Улардан 394 таси ФПВ-дрон, 107 таси октокоптер туридаги дрон, 171 таси самолёт типидаги дрон ва 215 таси дронлар орқали ташланган ўқ-дорилар экани қайд этилган.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, махсус ҳарбий операция ҳудудида жами 1365 та ўт очишни тўхтатиш режими бузилиши ҳолати қайд этилган.
Бундан ташқари, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари махсус операция ҳудудидан ташқарида 396 та ҳаво ҳужуми воситасини йўқ қилгани маълум қилинган. Улар орасида самолёт туридаги 390 та дрон ва 6 та “Нептун” узоқ масофали бошқариладиган ракетаси борлиги айтилган.
Россия томони Украина ҳаракатларини “террорчилик моҳияти”нинг тасдиғи деб баҳолаган. Шу муносабат билан Россия Қуролли кучлари “кўзгу тарзида жавоб қайтаргани”, жумладан, реактив тизимлар, артиллерия ва миномёт позицияларига зарба бергани, шунингдек, дронларни бошқариш ва учириш нуқталари нишонга олингани маълум қилинган.
Ижтимоий тармоқларда бу байрам муносабати билан Россиянинг Украинага юборган “совға”си экани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Россияга яқин давлатларга мурожаат қилиб, 9 май куни Москвага бормасликни тавсия берганди.
Live
Барчаси