Адабиёт бўйича Нобель мукофоти “Шайтоний танго” муаллифига берилди

Олам

image

Адабиёт бўйича Нобель мукофоти венгриялик ёзувчи Ласло Краснахоркаига берилди. Бу бугун, 9 октябрь куни Нобель қўмитасининг расмий сайтида эълон қилинди.

Қайд этилишича, 2025 йилги адабиёт бўйича Нобель мукофоти “апокалиптик даҳшат шароитида ҳам санъат қудратини яна бир бор тасдиқловчи, кучли ва башоратли ижоди учун” венгриялик ёзувчи Ласло Краснахоркаига топширилади.

Краснахоркаи 1954 йилда Руминия чегарасига яқин жойлашган Венгриянинг жануби-шарқидаги Гюла шаҳарчасида туғилган. Ёзувчининг биринчи асари – “Шайтоний танго” романи 1985 йилда нашр этилган бўлиб, 1994 йилда ушбу асар асосида фильм суратга олинган. Ижодий фаолияти давомида у ўнлаб китоблар ёзган, айрим асарлари экранлаштирилган, шунингдек, бир опера саҳналаштирилган.

Нобель мукофоти ёзувчининг ижоди эътироф этилган биринчи йирик мукофот эмас. Краснахоркаи илгари ҳам бир қатор нуфузли совринларга сазовор бўлган, жумладан, Халқаро Букер мукофоти (2015), АҚШ Миллий китоб мукофоти – таржима қилинган адабиёт йўналишида (2019) ва Венгриянинг энг юқори давлат мукофоти – Кошут (2004).

Машҳур адабий танқидчи Сьюзан Зонтаг уни “апокалипсиснинг замонавий венгер устаси” деб атаган.

Ўтган йиллардаги адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндорлари

2024 йилги адабиёт бўйича Нобель мукофоти жанубий кореялик ёзувчи Хан Ганга берилганди. Хан Ган 1970 йилда Кванжу шаҳрида туғилган. Унинг гўшт истеъмол қилишни тўхтатишга қарор қилган аёл ҳақида ёзилган “Вегетариан” романи 2016 йилда “Man Booker” халқаро мукофотига сазовор бўлган.

2023 йилги адабиёт бўйича Нобель мукофоти норвегиялик драматург Юн Фоссега насиб қилганди. Лауреат номини эълон қилган Швеция академиясининг доимий котиби Мац Мальмнинг сўзларига кўра, драматург мукофотга лойиқ кўрилгани ҳақида эшитганида ўз машинасида дачасига кетаётган бўлган.

2022 йилда адабиёт бўйича Нобель мукофоти француз аёли Анни Эрнога берилди. Эрно мукофотни бегоналашувнинг келиб чиқиши ва шахсий хотиранинг жамоавий чекловларини очиб берган жасорати ва клиник аниқлиги учун олган.

Мукофот 2021 йилда танзаниялик носир Абдулраззоқ Гурнага, 2020 йилда эса АҚШлик шоир Луиза Глюкга насиб этган. 1901 йилдан 2022 йилгача жами 119 киши адабиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган, улардан 17 нафари аёллардир. 

Мукофотлар 1901 йилдан бери берилиб келинмоқда

Беш хил Нобель мукофоти (физиология ва тиббиёт, физика, кимё, адабиёт ва тинчлик мукофоти) динамит ихтирочиси Альфред Нобелнинг иродаси билан таъсис этилган ва 1901 йилдан бери берилиб келинмоқда. 1969 йилдан бошлаб, Швеция банки ташаббуси билан Иқтисодиёт фанлари бўйича Нобель мукофоти норасмий равишда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти деб ҳам аталади. Тинчлик учун Нобель мукофоти Норвегия пойтахти Ослода, қолганлари Швеция пойтахти Стокгольмда топширилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Нобель Ласло Краснахоркаи Шайтоний танго

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг