Адабиёт бўйича Нобель мукофоти Осиё вакилига берилди
Олам
−
10 Октябрь
71642024 йилги адабиёт бўйича Нобель мукофоти жанубий кореялик ёзувчи Хан Ганга берилди. Бу ҳақда бугун, 10 октябрь куни Швеция академияси аъзоларининг қарори эълон қилинди.
Хан Ган 1970 йилда Кванжу шаҳрида туғилган. Унинг гўшт истеъмол қилишни тўхтатишга қарор қилган аёл ҳақида ёзилган “Вегетариан” романи 2016 йилда “Man Booker” халқаро мукофотига сазовор бўлган.
"Вегетариан" романи – бу руҳнинг оғриқли метаморфозалари ҳақида ташвишли китоб. Асар қаҳрамони Ёнхе даҳшатли тушлар кўради. Фикрини тозалаш учун у гўштдан бутунлай воз кечади. Ўзгариш ғалати воқеалар занжирини келтириб чиқаради.
Бу китоб нафақат вегетарианизм, балки ташқарида ҳам, ичкарида ҳам зўравонликдан халос бўлишни истаган аёлнинг кураши ҳақида.
Хан Ганнинг яна бир “Инсон ҳаракатлари” романи талабалар тартибсизликлари авжида вафот этган 15 ёшли боланинг ҳикоясидир. Унинг ўлими яқинлари тақдирида ўчмас из қолдирди. Ушбу китоб ўша фалокатнинг оқибатларини ҳужжатлаштиришнинг бир усули: ўлик жасадни ташиш билан боғлиқ муаммолардан тортиб, оғриқ ва ғазабни бостиришга уринишларгача.
Адабиёт бўйича Нобель мукофоти миқдори 11 миллион швед кронасини (тахминан 970 минг еврога тенг) ташкил этади.
Ўтган йиллардаги адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндорлари
2023 йилги адабиёт бўйича Нобель мукофоти норвегиялик драматург Юн Фоссега насиб қилганди. Лауреат номини эълон қилган Швеция академиясининг доимий котиби Мац Мальмнинг сўзларига кўра, драматург мукофотга лойиқ кўрилгани ҳақида эшитганида ўз машинасида дачасига кетаётган бўлган.
2022 йилда адабиёт бўйича Нобель мукофоти француз аёли Анни Эрнога берилди. Эрно мукофотни бегоналашувнинг келиб чиқиши ва шахсий хотиранинг жамоавий чекловларини очиб берган жасорати ва клиник аниқлиги учун олган.
Мукофот 2021 йилда танзаниялик носир Абдулраззоқ Гурнага, 2020 йилда эса АҚШлик шоир Луиза Глюкга насиб этган. 1901 йилдан 2022 йилгача жами 119 киши адабиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган, улардан 17 нафари аёллардир.
Нобель ҳафталиги давом этмоқда
Жорий йилнинг 7 октябрь куни физиология ва тиббиёт йўналиши бўйича совриндорлар номи эълон қилингани билан Нобель ҳафталиги очилди. Мукофот Виктор Амброс ва Гари Равкунга микро РНКларни кашф этгани учун берилди. Кеча, 8 октябрь куни америкалик Жон Хопфилд ва канадалик Жефри Хинтонга “сунъий нейрон тармоқлардан фойдаланган ҳолда машинани ўрганиш асосидаги фундаментал кашфиётлар ва ихтиролари” учун физика бўйича 2024 йилги Нобель мукофотига лойиқ кўрилди.
9 октябрь куни эса америкалик Дэвид Бейкер ва британияликлар Демис Хассабис ва Жон Жампер 2024 йилги кимё бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлди. Олимларга мукофот сунъий интеллектдан фойдаланиб, оқсиллар тузилишини аниқлагани ва янги турларни яратишдаги ишлари учун тақдим қилинди. Жумладан, икки қисмга бўлинган мукофот Демис Хассабис ва Жон Жамперга сунъий интеллектдан фойдаланиб, деярли барча маълум бўлган оқсилларнинг тузилишини аниқлай олгани учун, Дэвид Бейкерга эса бутунлай янги оқсилларни яратишга имкон берувчи ишлари учун тақдим қилинган.
Эртага, 11 октябрь куни Ослода Тинчлик бўйича Нобель мукофоти лауреати, 14 октябрда эса Швеция банки томонидан 1968 йилда таъсис этилган иқтисод бўйича Альфред Нобель мукофоти лауреати номи эълон қилинади.
Мукофотлар 1901 йилдан бери берилиб келинмоқда
Беш хил Нобель мукофоти (физиология ва тиббиёт, физика, кимё, адабиёт ва тинчлик мукофоти) динамит ихтирочиси Альфред Нобелнинг иродаси билан таъсис этилган ва 1901 йилдан бери берилиб келинмоқда. 1969 йилдан бошлаб, Швеция банки ташаббуси билан Иқтисодиёт фанлари бўйича Нобель мукофоти норасмий равишда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти деб ҳам аталади. Тинчлик учун Нобель мукофоти Норвегия пойтахти Ослода, қолганлари Швеция пойтахти Стокгольмда топширилади.
LiveБарчаси