Иқтисод бўйича Нобель мукофоти ғолиблари эълон қилинди
Бу қизиқ
−
15:57 804 3 дақиқа
Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти америкалик олимларга иқтисодиётни барқарорлаштириш механизмлари бўйича тадқиқотлари учун берилди. Бу ҳақда Нобель қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, 1968 йилда Швеция банки томонидан таъсис этилган Альфред Нобель хотирасига бағишланган иқтисодиёт бўйича мукофоти америкалик олимлар Роберт Эрнест Холл ва Майкл Вудфордга “макроиқтисодиётни барқарорлаштиришнинг микроиқтисодий асослари” учун берилади.
Нобель лауреатлари иқтисодий моделларни нафақат инфляция, ишлаб чиқариш ва истеъмол каби макроиқтисодий ўзгарувчилар ўртасидаги статистик боғлиқликларга, балки микроиқтисодий асосларга ҳам таянган ҳолда қуриш мумкинлигини кўрсатиб берган. Бу алоҳида уй хўжаликлари ва корхоналарнинг ялпи хатти-ҳаракатлари иқтисодиётга қандай таъсир қилишини тушунишни ўз ичига олади.
“Лауреатларнинг меҳнати бизга бугунги кунда бутун дунёда марказий банклар ва ҳукуматлар фойдаланаётган моделлар учун мустаҳкам назарий асос берди. Улар туфайли биз энергетика инқирозлари ёки истеъмолчилар хатти-ҳаракатининг тўсатдан ўзгариши каби иқтисодий инқирозларга яхшироқ тайёрландик”, дейди Иқтисодиёт бўйича мукофотни топшириш қўмитаси раиси Жон Хасслер.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда иқтисодиёт бўйича Нобель лауреатлари Жоэль Мокир, Филипп Агьон ва Питер Хауит бўлган эди. Улар “иқтисодий ўсиш ва технологик ривожланиш ўртасидаги боғлиқликни тадқиқ қилгани учун” мукофотланган.
Нобель ҳафталиги
Жорий йилнинг 5 октябрь куни 2026 йилги Нобель мукофотлари лауреатларини эълон қилиш ҳафталиги бошланди. Ҳафталик жадвали қуйидагича:
- Физиология ва тиббиёт – душанба, 5 октябрь;
- Физика – сешанба, 6 октябрь;
- Кимё – чоршанба, 7 октябрь;
- Адабиёт – пайшанба, 8 октябрь;
- Тинчлик мукофоти – жума, 9 октябрь;
- Иқтисодиёт фанлари – душанба, 12 октябрь.
Ҳаммаси қандай бошланган эди?
Ихтирочи, тадбиркор ва бизнесмен Альфред Нобель ўз васиятида капиталини инсониятга энг катта наф келтирганлар учун мукофотларга йўналтиришни буюрган эди. Мукофот билан у энг кўп қизиққан соҳалар: физика, кимё, физиология ва тиббиёт, адабиёт ва тинчлик йўналишидаги алоҳида ютуқлар эътироф этилар эди.
Кейинчалик ушбу ғояни амалга ошириш бўйича узоқ муддатли ишлар бошланди ва 1901 йилдаёқ дастлабки Нобель мукофотлари топширилди. 1969 йилда яна бир мукофот – Швеция марказий банки томонидан ўзининг уч юз йиллик юбилейи муносабати билан таъсис этилган Альфред Нобель хотирасига бағишланган иқтисодиёт фанлари бўйича мукофот пайдо бўлди. Янги лауреатларнинг номлари ҳар йили октябрь ойида эълон қилинади.
Нобель жамғармаси уставига кўра, ҳар бир лауреат олтин медаль олади. Унинг олди томонида Альфред Нобель портрети зарб қилинган бўлиб, орқа томонининг дизайни мукофотни айнан қайси муассаса топширишига боғлиқ.
Ҳар бир диплом бетакрор санъат асари – унинг безатилишини лауреат ташкилотлар тасдиқлайди. Адабиёт соҳасидаги ҳужжат пергаментда (махсус ишлов берилган чармда) ўрта аср иллюстраторлари техникасидан фойдаланган ҳолда яратилади. Бошқа лауреатлар учун дипломлар буюртма асосида тайёрланган қўл иши қоғозида чоп этилади.
Бугунги кунда битта Нобель мукофотининг миқдори 12 миллион швед кронасига (1,2 млн доллар) тенг. Мукофот кўпи билан учта лауреат ўртасида бўлиниши мумкин.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь