Россия кучлари Запорожьедаги уй-жойларга зарба берди. Қурбонлар бор
Олам
−
10 Август 2023
4499Кеча, 9 август куни кечқурун Россия қўшинлари Запорожье шаҳридаги турар-жой бинолари жойлашган ҳудудга ракета ҳужуми уюштирди, оқибатда уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram’даги каналида маълум қилди.
“Ҳозирги вақтда уч киши ҳалок бўлгани маълум. Уларнинг оиласига ҳамдардлик билдираман”, деб ёзган Зеленский.
Запорожье шаҳар кенгаши котиби Анатолий Куртев эса ракета ҳужумидан етти киши жабрланганини билдирган.
Запорожье вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Юрий Малашконинг сўзларига кўра, ҳужум Муқаддас ҳаворийлар Пётр ва Павел черкови, шунингдек, шаҳарнинг Шевченко туманидаги савдо шохобчаларига қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ҳам Украина пойтахти Киев, шунингдек, Запорожье, Харьков ва Днепропетровск вилоятларига ракета ва ҳужумчи дронлар билан зарба берилганди. 2 августга ўтар кечаси Киевнинг учта туманида портлашлар содир бўлганди. 8 августда Россия қўшинлари Украинанинг Донецк вилояти Покровск шаҳридаги кўп қаватли турар-жой биносига ракета билан зарба берди ва 7 киши ҳалок бўлди. Ўз навбатида, Россия пойтахти Москвага 24, 28, 30 июль ва 1, 6, 9, 10 август кунлари дрон ҳужуми уюштирилган.
LiveБарчаси