Россия хорижий инвесторларни ўзига ипсиз боғламоқчи

Олам

image

Россия хорижий инвесторларнинг мамлакатдаги активларини олиб чиқиб кетишига вақтинчалик чекловлар жорий қилади. Бу ҳақида мамлакат Бош вазири Михаил Мишустин маълум қилди. 

Қайд этилишича, Россия Федерацияси Президентининг бу бўйича тегишли фармони лойиҳаси тайёрланган.

“Ҳозирги санкциялар шароитида хорижлик тадбиркорлар иқтисодий омилларга эмас, балки сиёсий босим остида қарор қабул қилишга мажбур бўлмоқда. Тадбиркорлик субъектларига асосли қарорлар қабул қилиш имкониятини бериш учун Россия активларидан чиқишга вақтинчалик чекловлар жорий этиш бўйича Президент фармони лойиҳаси тайёрланди”, дейди Бош вазир.

Михаил Мишустиннинг сўзларига кўра, Россия расмийлари ҳамон хорижлик инвесторларни потенциал ҳамкорлар деб билади. Улар томонидан ишлаб чиқариладиган товарлар мамлакатда жуда харидоргирдир.

“Амалиёт шуни кўрсатадики, бозордан чиқиш осон, аммо рақобатчилар аллақачон зич банд бўлган жойга қайтиш анча қийин”, дея қўшимча қилди Мишустин.

Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин АҚШ ва унга қўшилган хориж давлатлари ҳамда халқаро ташкилотларнинг нодўстона хатти-ҳаракатлари муносабати билан махсус иқтисодий чоралар қўллаш тўғрисидаги фармонни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

124

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг