Путин жавоб санкциялари тўғрисидаги фармонни имзолади
Олам
−
01 Март 2022
46830Россия Президенти Владимир Путин АҚШ ва унга қўшилган хориж давлатлари ҳамда халқаро ташкилотларнинг нодўстона хатти-ҳаракатлари муносабати билан махсус иқтисодий чоралар қўллаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжат кучга кирди, унинг матни Кремль веб-сайтида эълон қилинди.
Бошқа нарсалар қаторида, 1 мартдан бошлаб Россия резидентлари:
- хориж валютасини хориждаги банклар ва молия ташкилотларида очилган ҳисобрақам ва омонатларига ўтказа олмайди;
- хориждаги тўлов хизмати кўрсатувчилар (банк ҳисобрақамини очмасдан) электрон тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда пул ўтказмаларини амалга ошира олмайди;
- қарз шартномалари бўйича норезидентларга хориж валютасини ўтказа олмайди;
- экспорт қилувчилар томонидан чет эл валютасини сотиш тартиби Марказий банк томонидан белгиланади.
Бундан ташқари, Россия резидентлари – ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари – норезидентларга товар сотиш ва хизмат кўрсатишдан ўз ҳисобларига тушган валютанинг 80 фоизини сотишлари шарт. Бу талаблар фармон кучга кирган кундан уч кундан кечиктирмай амалга оширилиши керак.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь