Россия Қирғизистонга молиявий ёрдам беришни тўхтатди

Олам

image

Россия Қирғизистон Республикасига ҳар қандай молиявий кўмак ў'рсатишни тўхтатади. Бу чеклов мамлакатдаги сиёсий вазият барқарорлашгунча ва ҳокимият фаолияти тикланмагунча давом этади. Бу ҳақда РБК Молия вазирлигидаги манбасига таяниб хабар берди.

“Қирғизистон Республикасидаги мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда, молиявий ёрдам бериш мамлакатда сиёсий вазият барқарорлашгунча ва ҳокимият органлари фаолияти тикланмагунча тўхтатиб қўйилган”, дея маълум қилган манба.

РФ Молия вазирлиги нашриннг сўровига жавоб бермаган.

Сўнгги марта 2019 йилда Қирғизистонга давлат молиявий ёрдами ҳақида хабар берилган эди: ўшанда Россия 30 миллион доллар беғараз ёрдам кўрсатган. 2005 йилдан бошлаб Россия Қирғизистоннинг 700 миллион доллардан ортиқ қарзларидан ҳам воз кечган (2018 йил февраль ойида қарз бутунлай ўчирилган). 2012 йилдан бери Москва Бишкекка 250 миллион доллардан зиёд грантлар тақдим этган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.

Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Кейинроқ парламентга Канат Исаев спикер этиб сайланди.

Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.

Жээнбеков вазиятни изга солиш учун 9 октябрь куни Бишкекда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Кейинроқ бу режим яна узайтирилди. Ҳарбийларнинг Бишкекка кириши натижасида намойишлар ва талончиликлар тўхтади. Аммо сиёсий вазият тўлалигича изига тушгани йўқ.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Қирғизистон Қирғизистондаги вазият

Баҳолаганлар

90

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг