Россия армиясининг ҳужумкорлиги сустлашди – Украина

Олам

image

Россия Федерацияси қўшинлари техник ва ишчи кучини йўқотиб, Украинадаги ҳужум тезлигини пасайтирди, деб хабар бермоқда УНИАН Украина Қуролли Кучлари Бош штабининг бугун, 28 февраль куни эрталаб соат 06:00 ҳолатига кўра тезкор маълумотларига таяниб.

Ҳисоботга кўра, Россия қўшинлари маълум соҳаларда муваффақият қозониш йўлидаги уринишларидан воз кечмаяпти.

“Ҳарбий ва фуқаролик аэродромлари, қўмондонлик постлари (кучлари), ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими объектлари, муҳим инфратузилма объектлари, мудофаа ҳудудларидаги аҳоли пунктлари ва бўлинмаларига зарбалар берилмоқда”, дея тушунтирган Украина Бош штаби.

Киев маълумотларига кўра, украиналик бригадалардан фақат бирининг артиллерия ўқлари душман техникаси ва ишчи кучининг 5 дан ортиқ колоннасини йўқ қилган.

Ўз навбатида, Украина Мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр 24 февралдан бери Россия армияси Украинада 5,3 мингга яқин ҳарбий хизматчиларини йўқотганини маълум қилди.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

78

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг