Россия, АҚШ, Франция Арманистонга қурол етказиб беряпти – Эрдўған

Жамият

image

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 18 октябрь куни Россия, АҚШ ва Франция Арманистонга қурол етказиб бераётгани ҳақида баёнот берди. 

"Улар биз озар биродарларимизни қўллаб-қувватлаётганимиз ҳақида нималар дейишяпти, буни биласиз. Хўш, Минск учлиги, АҚШ, Россия, Франция нима деяпти? Улар Арманистонни қўллаб-қувватлаяпти. Улар Арманистонга қурол шаклида ҳар қандай ёрдамни кўрсатишяпти", дейди Туркия Президенти. 

Бугунгача Миснк учлиги, хусусан Франция Туркияни Озарбайжонга қурол етказиб бериш, Суриядаги террорчиларни Арманистонга киритишда айблаб келмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги қуролли тўвнашувлар бошланмасидан аввал эса Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга қўнғироқ қилиб, Россия Арманистонга қурол-яроқ етказиб бераётгани хусусида арз қилганди

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади

Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кескинлик авж олгандан кейин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни музокаралар столига қайтишга чақирган эди. Президент Владимир Путин эса Никол Пашинян билан мулоқот қилиб, масалани тинч йўл билан ҳал этишни тавсия қилди. Бу орада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев асосий куч ва дастакни Туркия Республикасидан олаётгани маълум бўлди. Шу куни Туркия ва Озарбайжон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар ва Эрдўған турк халқи ва давлати Озарбайжонни бор имконияти билан қўллаб-қувватлашини эслатди

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароли зонасидаги вазият кўп жиҳатдан Россияга боғлиқ. Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳининг ҳамраиси. 1 октябрь куни гуруҳ ҳамраислари – АҚШ, Россия ва Франция Тоғли Қорабоғ масаласида қўшма баёнот эълон қилдилар


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Қорабоғ тўқнашуви

Баҳолаганлар

192

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг