Рамзан Қодиров “арвоҳ”га айлантирилган шаҳар эгалланиш арафасидалигини айтди

Олам

image

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Украинанинг Донбасс вилоятидаги Мариупол шаҳрининг тўлиқ эгалланишига кўп вақт қолмаганини айтди.

“Россия ҳарбийлари уйма-уй Мариуполни фашист тўдаларидан озод қилмоқда. Жангчилар қатъий, қаттиқ ва тезкор ҳаракат қилмоқда. Ҳар бир баланд бино томигача тозаланмоқда. Мариуполнинг тўлиқ озод этилишига кўп вақт қолмади”, деб ёзган Қодиров ўзининг Telegram-каналида Украинага босқин қай тарзда давом этаётгани ҳақида.

У Мариуполдан олинган, чечен жангчилари жанг қилаётгани, кўп қаватли бинони кўздан кечираётгани ва байроқ билан томга чиқаётгани тасвирланган кадрларни ҳам илова қилган.

Қайд этиш керакки, Россия ҳарбийлари Мариуполь шаҳрини март бошидан бери қамал қилмоқда. Мариуполга кўплаб ракеталар ташланган, бунинг оқибатида эса шаҳар деярли тўлиқ вайрон бўлган. Украина расмийлари урушда энг кўп талафон айнан Мариуполь чекига тушганини айтмоқда.

Шаҳарда гуманитар вазият фожиали тус олган. Расмийларга кўра, 160 мингдан ортиқ тинч аҳоли шиддатли жанг кетаётган Мариуполда қолмоқда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

82

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг