Путинни қамоққа ҳукм қилган суд Киевда офисини очяпти

Олам

image

Халқаро жиноий суд (ХЖС) Украина пойтахтида ўз бўлимини очади. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Халқаро жиноий суднинг Киевда офисини очиши тўғрисидаги меморандум бугун, 23 март куни имзоланган. Бу ҳақда Украина Бош прокурори Алексей Костин шундай дейди: 

"Бугун Украина ҳукумати ва ХЖС ўртасида Украинада халқаро жиноий суднинг офисини очиш тўғрисида меморандум имзоланди. Бу ҳақда 3 март куни қарор қабул қилинганди ва бугун биз тегишли халқаро ҳужжатни имзоладик. Бу шуни англатадики, прокурор Карим Хоннинг жамоаси Украинада янада барқарор шароитларда ишлаши мумкин. Ва бу уларга нафақат Украинада кўпроқ вақт ўтказиш, балки барча мумкин бўлган ўлчамларда ҳимоя қилинадиган тегишли офисга эга бўлиш, жумладан, ахборотни тегишли ҳимоя қилишга имкон беради". 

Маълумот учун, Халқаро жиноий суд 1998 йилги Рим статути асосида яратилган. Ҳозирги вақтда халқаро шартномада 123 мамлакат иштирок этмоқда. Суд бош офиси Нидерландиянинг Гаага шаҳрида жойлашган. Шунингдек, тергов олиб борилаётган мамлакатларда ҳам унинг филиаллари очилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 март куни Гаага халқаро жиноий суди Путинни украиналик болаларни ноқонуний депортация қилишда айблаб, уни қамоққа олишга ордер берганди. Шундан сўнг, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова Халқаро жиноий суднинг қарорлари Россия учун аҳамиятга эга эмаслигини маълум қилиб, буни мамлакатнинг Рим статутини имзоламагани, шу сабабли унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олмаслиги билан изоҳлаганди. Шу йилнинг 20 март санасида эса Россия Тергов қўмитаси томонидан Гаага Халқаро жиноий судига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Украина Халқаро жиноий суд офис

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг