Путин урушни қоралаган тўрт олимни “кўчага улоқтирди”
Олам
−
30 Март 2022
22592Россия Президенти Владимир Путин Россия Хавфсизлик кенгаши қошидаги илмий кенгашдан тўрт нафар экспертни чиқариб юборди. Бу ҳақда “Медуза” Президентнинг 28 мартдаги қарорига асосланиб, хабар берди.
Кенгаш таркибидан қуйидаги олимлар чиқарилган:
• Алексей Громико — Россия Фанлар академиясининг Европа институти директори;
• Александр Никитин — Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Москва халқаро муносабатлар давлат институти ва Евро-Атлантика хавфсизлиги маркази директори;
• Александр Панов — Россия Фанлар академиясининг АҚШ ва Канада институти бош илмий ходими;
• Сергей Рогов — Россия Фанлар академиясининг АҚШ ва Канада институти илмий директори.
Қайд этилишича, уларнинг кенгаш таркибидан чиқарилиш сабаблари фармонда кўрсатилмаган. Хавфсизлик кенгаши ходимларининг “Коммерсант”га айтишича, гап аъзолари вақти-вақти билан алмашинадиган илмий кенгашни “янгилаш” ҳақида кетмоқда. Президент фармонида улар ким билан алмаштирилгани акс этмаган.
Март ойи бошида ушбу тўртта олим ҳам АҚШ ва Европа давлатларидан келган ҳамкасблари билан биргаликда “Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европа қитъасидаги энг йирик инқироздан ўта хавотир билдирилган” баёнотни имзолаган. Мурожаат муаллифлари можаро томонларини ўт очишни тўхтатишга, гуманитар масалаларда ҳамкорликни йўлга қўйишга, ядровий риторикадан тийилишга, бир томондан АҚШ ва НАТО, бир томондан Россия ўртасида ҳарбий ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида келишиб олишга чақирган.
Алексей Громико РТВИга ўзи ва бошқа экспертлар Хавфсизлик Кенгаши аъзолигидан нега чиқариб юборилганини билмаслигини маълум қилиб, расмийларга уларнинг тавсияларига қулоқ солмасликни таклиф қилган.
“Ўша кунларда мазкур баёнот мамлакатимизнинг миллий манфаатлари нуқтаи назаридан катта маънога эга эди”, дейди у.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси