Путин Украинанинг барча шаҳарларига ҳужум қилишни буюрди – Қодиров
Олам
−
11 Апрель 2022
37998Россия Қуролли Кучлари Украинадаги шаҳарлар, қишлоқлар ва бошқа аҳоли пунктларига қарши ҳужум уюштиришни режалаштирмоқда. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шахсан Россия Президенти Владимир Путин шундай буйруқ берганини маълум қилди.
“Вазифалар аниқ ва биз аллақачон ишларни бошлаганмиз. Ҳужум тўлқини нафақат Мариуполда, балки бошқа барча аҳоли пунктлари, шаҳарлар ва қишлоқларда ҳам бўлади. Лекин биринчи навбатда биз Луганск ва Донецкни тўлиқ озод қиламиз. Бундай вазифани Бош Қўмондон (Россия Президенти Владимир Путин — таҳр.) қўйган”, дейди у.
Аввало, Рамзан Қодиров рус қўшинлари Киев ва Украинанинг бошқа барча шаҳарларини эгаллашга тайёрлигини таъкидлади. Аммо, кейин у резервация қилди ва “шаҳарларни эгаллаш” мақсади йўқлигини ҳамда вазифа бу нуқталарни “нацистлар” ва “Бандера”дан озод қилиш эканлигини тушунтирди.
Мурожаатни шарҳлар экан, Чеченистон раҳбари обуначиларни бундан кейин нима бўлиши “жуда қизиқ бўлади” деб ишонтирди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь