Путин Украина билан музокараларда ижобий ўзгариш бўлганини айтиб, мақтанди
Олам
−
11 Март 2022
18745Кеча, 10 март куни Анталияда Украина ва Россия ўртасида бўлиб ўтган музокараларда ижобий ўзгаришлар бўлди. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин Беларусь фуқароси Александр Лукашенко билан бўлган суҳбатда маълум қилди.
“Мен сизга Украина йўналишидаги вазият юзасидан деярли ҳар куни олиб борилаётган музокаралар ҳозир қандай кетаётгани ҳақида, албатта, маълумот бераман. Музокарачиларимизнинг таъкидлашича, маълум ижобий ўзгаришлар бор”, дейди Путин.
Маълумот ўрнида, 10 март куни Туркиянинг Анталия вилоятида дипломатик форум бўлиб ўтди. Унда Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли иштирокида Россия ва Украина Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Дмитрий Кулеба учрашди. Шунингдек, бугун Парижнинг жануби-ғарбий чеккасида жойлашган Версаль шаҳрида Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарларининг икки кунлик норасмий саммити очилади.
Украинадан келган вакил Дмитрий Кулебанинг таъкидлашича, Россия томони Путиннинг шартларини бажаришни талаб қилмоқда, бу эса Украинанинг таслим бўлишини англатади. Киев эса бунга рози бўлмайди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси