Путин Пашинян билан Тоғли Қорабоғдаги ҳодисаларни муҳокама қилди
Олам
−
27 Сентябрь 2020
12209Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Тоғли Қорабоғ атрофидаги вазиятни телефон орқали Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан муҳокама қилди. Бу ҳақда Кремль Матбуот хизмати хабар бермоқда. Суҳбат Арманистон томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтган.
"Тоғли Қорабоғ можароси зонасидаги вазиятни кескин ёмонлашиши муҳокама қилинди. Россия томони кенг кўламли қуролли тўқнашувларнинг тикланишидан жиддий хавотир билдирди”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари бугун, 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди.
Эслатиб ўтамиз, бугуннинг ўзида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Арманистон, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, зудлик билан сулҳ тузишни таклиф қилди.