Машъум тун: Қорабоғнинг қонли тарихи
Таҳлил
−
25 Февраль 2019
320971992 йилнинг 25 февралдан 26 февралга ўтар кечаси. Қаҳратон қиш, кун совуқ, шамол уриб турибди... Арман қуролли кучлари Хонкелдида қарор топиб, собиқ Иттифоқнинг 366-мотоўқчи полки Хўжали шаҳарчасига бостириб кирди. Тўплардан ўқ узилди. Тинч аҳоли қаерга қочишини билмай, саросимида уйларини тарк этди. 26 февраль тонги соат 05:00 да босқинчилар шаҳарни эгаллашди. Бир кеча ичида қадимги Хўжали ер билан яксон қилинади. Қуролланган арман зобитлари эса қаҳратон қишда жонини сақлаш умидида тоққа қочишга уринган аҳолини ўққа тутдилар. Озар халқи ўша мудҳиш тунни унутгани йўқ. Бу воқеаларга эса бугун 27 йил тўлди.
Хўжали қирғини Озарбайжон халқига қарши қаратилган, ўзининг мислсиз шафқатсизлиги ва маҳв этишнинг ноинсоний услублари билан инсоният тарихидаги энг йирик ваҳшийликлардан бири эди.
ХХ асрнинг фожиаси саналмиш Хўжали геноцидини бугун кўплаб сиёсатдонлар ва кузатувчилар Хатин, Хиросима, Нагасаки, Сонгми каби фожиалар билан бир сафда тилга олишаётгани бежиз эмас.
Хўжали тумани Озарбайжоннинг тоғли, Қорабоғ вилоятида жойлашган. У Озарбайжон ССР таркибига кирган собиқ Тоғли-Қорабоғ мухтор вилоятининг бир қисми бўлиб, 1991 йилнинг 26 ноябрида тугатилган. Мухтор вилоят Арманистон ССРнинг ҳудудий эътирозларига жавобан тузилган сунъий маъмурий тузилма бўлган. Арманистон мазкур ҳудудга даъвогарлик қилар экан, вилоятда арманлар кўпчиликни ташкил этиши мақсадида маъмурий чегаралар қасддан шундай тузилган. Хўжали озарбайжонлар аҳолининг кўпчилигини ташкил этган Тоғли Қорабоғ мухтор вилоятидаги камсонли аҳоли пунктларидан бири эди.
1990 йиллар бошида минтақа қуролли можаро билан қамраб олинганди: Арманистон Озарбайжонга қарши агрессив ҳарбий ҳаракатларини бошлади, бу билан озарбайжон ҳудудларини босиб олишга оид азалий режаларини амалга оширишга киришди. Мазкур режанинг марказий қисми Тоғли Қорабоғни Озарбайжондан бир томонлама ажратиб олиш ва уни Арманистон таркибига қўшиб олиш бўлган. Натижада Арманистон мазкур минтақани, жумладан, Хўжали ва Озарбайжоннинг бошқа еттита туманини ишғол этди. Ушбу агрессиянинг оқибати сифатида уруш 30 минг инсоннинг бошига етди. Бир миллионга яқин озарбайжонликлар қочоққа ва мажбурий кўчманчига айланди, минглаб одамлар дом-дараксиз йўқолди.
Хожали қирғини вақтида 613 киши ўлдирилди, 1000 нафар турли ёшдаги тинч аҳоли олинган жароҳатлардан ногирон бўлиб қолди. 106 нафар аёл, 63 нафар гўдак, 70 нафар қария қатл этилди, 8 оила тўлалигича йўқ қилинди, 25 нафар болалар ҳам отасидан, ҳам онасидан жудо бўлди, 130 нафари ота-онасининг биридан айрилди. Фожиа куни тунда 1275 тинч фуқаро асирга олинди, улардан 150 нафарининг тақдири ҳанузгача номаълум.
“Мемориал“ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказининг ҳулосасида 1992 йилнинг 25 февралидан 26 февралига ўтар кечаси Хўжалида инсон ҳуқуқларини оммавий равишда бузилиши ва оккупациядан олдин у ерда 2-4 минг киши шаҳарнинг бир неча юз ҳимоячилар билан яшаганлиги таъкидланган. Хўжалини ҳимоя кучлари, Озарбайжон Ички Ишлар Вазирлиги полицияси ҳамда Озарбайжон Миллий армияси аскарлари ҳимоя қилган.
Қочиш орқали ўзини қутқармоқчи бўлган аҳолининг бир қисми олдиндан қўйилган пистирмаларда ўлдирилди. Россия инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш “Мемориал” марказининг маълумотига кўра, тўрт кун мобайнида Хўжалидан Агдамга 200 нафар кишининг жасади келтирилган, ўнлаб мурдалар устидан таҳқирлаш фактлари қайд этилган. Агдамда 181 жасад (130 нафар эркак ва 51 нафар аёл, шу жумладан, 13 нафар бола) суд-тиббий экспертизадан ўтказилган. Экспертиза давомида 151 нафар кишининг ўлимига ўқдан яраланиш, 20 кишининг ўлимига осколка жароҳати, 10 кишининг ўлимига қаттиқ буюм билан зарба бериш сабаб бўлгани аниқланган. Ҳуқуқий ҳимоя маркази томонидан тирик одамларнинг терисини шилиш фактлари қайд этилган.
Ушбу қонли ҳодисага гувоҳ бўлган, оиласидан фақат гўдак қизи ва тўрт ёшли ўғлинигина қутқариб қолган ёш она кўзида ёш билан Хўжалининг қалбни ларзага келтирадиган тарихини шундай ҳикоя қилади:
“Одамлардан, ҳатто, ов милтиғини ҳам тортиб олишди. Бизда ўзимизни ҳимоя қилиш учун ҳеч қандай имконият йўқ эди. Фақат турмуш ўртоғим қуролини беркитишга муваффақ бўлди. Олов ичида ёнаётган шаҳардан Хўжалининг энг чекка қисмига аранг етиб олдик. Кейин таъқиб этаётган жангарилар бизга қарата ўқ узаётганларини кўрдик. Улар бизни ё ўлдирмоқчи ёки асирга олмоқчи эдилар. Эрим тўхтаб уларга қарата ўқ узди. У “қочинглар, сизни ушлаб олишларига йўл берманг!”, дея қичқирарди. Оиламизнинг айрим аъзолари ўқ тегиб ерга юзтубан йиқилишди. У жангарилар билан аёвсиз жанг қиларди. Мен иккита болам билан ялангоёқ, бош кийимсиз югуриб, қоронғида шоҳ-шаббалар орасига яшириндим. Эримдан узоқлашиб борганим сари унинг “қочинглар, яширининглар, қўлга тушманглар!” деган ҳайқириқлари элас-элас эшитиларди. Биз қочиб қутулдик, у эса қурбон бўлди…”
Хўжали геноцидининг инсониятга қарши содир этилган жиноят сифатида тан олиниши нафақат Озарбайжон учун, балки дунё бирлиги учун халқаро аҳамиятга эга.
1994 йил февралда Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси томонидан Хўжали воқеалари геноцид деб эълон қилиниши ўзига хос аҳамиятга эга бўлди. Ўша пайтдан бошлаб Хўжали фожиаси инсониятга қарши энг оғир жиноят сифатида кенг миқёсда эсланадиган бўлди. Ҳайдар Алиевнинг 1998 йилда имзолаган “Озарбайжонликларга қарши геноцид тўғриси”даги Фармонида озар фуқароларининг оммавий қирғин этилиши геноцид хусусиятига эгалиги ва озарбайжонликларнинг этник тозалаш сиёсати ҳисобланиши очиқ айтилади. Фармонга кўра, юз йилдан ортиқ давом этган геноцид қурбонлари хотираси учун 31 март санаси “озарбайжонликларнинг геноциди Куни” деб эълон қилинди.
Можаронинг дастлабки йилларида арман қуролли бандалари томонидан Тоғли Қорабоғнинг озарлар яшайдиган Кяркижаҳон, Мешали, Гушчулар, Гарадагли, Агдабан ва бошқа қишлоқларида амалга оширилган хунрезликлар ва ниҳоят, Хўжалидаги геноцид бир умрга “жафокаш” арманлар виждонидаги қора доғ бўлиб қолишига шубҳа йўқ.
Бугунги кунда Хўжали геноцидини Озарбайжондан ташқари, Покистон ҳамда Судан тан олган. Парламент даражасида фожиани Мексика, Колумбия, Чехия, Босния ва Герцеговина, Жибути, Перу, Гондурас, Панама, Иордания, Руминия ва Шотландия тан олган. АҚШнинг 22 штати Хўжали геноцидини тан олиш ҳақидаги ҳужжатни қабул қилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь