Озарбайжонда СССР байроғини кўтарганлар ҳибсга олинди (видео)
Олам
−
26 Ноябрь 4116 2 дақиқа
Озарбайжоннинг Баку шаҳрида бир гуруҳ одамлар коммунистик мафкурани тарғиб қилиш мақсадида СССР байроқлари билан юришга уринди. Бу ҳақда “Qafqazinfo” хабар берди.
Нашрга кўра, Ички ишлар вазирлиги томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида юришда иштирок этган ташкилотчилар – Абдулла Иброҳимли, Иброҳим Асадли ва бошқа шахслар аниқланиб, қўлга олинган ва уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов давомида аниқланишича, бу шахслар бошқа давлат кўмаги ва маблағи эвазига офис ижарага олиб, гуруҳ бўлиб иш олиб борган ва вақти-вақти билан учрашувлар ўтказган.
Юқорида қайд этилган шахсларга тегишли идора ва хонадонларни кўздан кечириш чоғида коммунистик ғояларни тарғиб қилишга қаратилган кўплаб материаллар, байроқлар, радикализмни тарғиб қилувчи китобларнинг нусхалари, компакт дисклар ва бошқа электрон қурилмалар аниқланиб, олиб қўйилди.
Тергов тадбирлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 1 май куни Тошкентнинг “Халқлар дўстлиги” майдонида ўтказилган концерт дастурида СССР байроғи кўтарилди. Ҳолат жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлди. Республика Маънавият ва маърифат марказининг ўша пайтдаги раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов ва “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров “Халқлар дўстлиги” майдонида кўтарилган СССР байроғига муносабат билдирди. Уларнинг бири бу ҳолат билан муроса қилиб бўлмаслигини, иккинчиси мустабид тузум байроғининг ҳилпираши ўзбек халқи учун ҳақорат эканини таъкидлади.
Орадан икки йил ўтиб, 2023 йил 9 май куни Тошкент шаҳрида бир гуруҳ шахслар СССР ва Ўзбекистон ССР байроғи остида юриш қилди.