Ўзбекистонда СССР байроғи кўтарилишини қабул қилиб бўлмайди – Бобур Бекмуродов

Жамият

image

Ўзбекистонда СССР байроқларини кўтариб чиқиш – амалдаги конституциявий тузумимизга зид бўлган, ёт коммунистик ғояларни ёқлаш сифатида қабул қилиниши лозим. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов бундай таклифни илгари сурди.

Депутат Ўзбекистонда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни – Ватан учун фидокорлик кўрсатган инсонларни улуғлаш, тинчлик ва ҳамжиҳатлик қадриятларини ёдга олиш куни эканини эслатган ва афсус билан ҳар йили ушбу кун арафасида айрим фуқаролар томонидан Совет иттифоқини эслатувчи атрибутикалар, Георгий лентаси каби мустақиллик руҳиятига зид рамзлардан фойдаланиш ҳолатлари кузатилишини қайд этган.

“Қолаверса, россиялик айрим жамоатчилик фаоллари ва журналистлар Ўзбекистонда 9 май кунини Хотира куни эмас, Ғалаба куни сифатида талқин этишда давом этиши носоғлом ташвиқотнинг ёрқин мисолидир”, деган Бекмуродов “Россотрудничество”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ирина Старосельскаянинг ТАСС агентлигидаги матбуот анжуманида айтган гапларига ишора қилиб.

Старосельская Ўзбекистон “Ғалабанинг 80 йиллигини тантанали нишонлаши”ни айтган.

Бобур Бекмуродов эса 9 май куни ташқи геосиёсий ёки тарихий қарама-қаршиликларни эсга солувчи рамзлардан фойдаланиш мутлақо қабул қилинмаслигини таъкидлаган.

“Байрам ва хотира тадбирлари фақат Ўзбекистон давлат рамзлари ҳамда умуминсоний қадриятларга асосланган руҳда ўтиши зарур.

Собиқ иттифоқ (СССР) байроқларини кўтариб чиқиш —  амалдаги конституциявий тузумимизга зид бўлган, ёт коммунистик ғояларни ёқлаш сифатида қабул қилиниши лозим”, дейди депутат.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 1 май куни Тошкентнинг “Халқлар дўстлиги” майдонида ўтказилган концерт дастурида СССР байроғи кўтарилди. Ҳолат жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлди.  Республика Маънавият ва маърифат марказининг ўша пайтдаги раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов ва “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров “Халқлар дўстлиги” майдонида кўтарилган СССР байроғига муносабат билдирди. Уларнинг бири бу ҳолат билан муроса қилиб бўлмаслигини, иккинчиси мустабид тузум байроғининг ҳилпираши ўзбек халқи учун ҳақорат эканини таъкидлади.

Орадан икки йил ўтиб, 2023 йил 9 май куни Тошкент шаҳрида бир гуруҳ шахслар СССР ва Ўзбекистон ССР байроғи остида юриш қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бобур Бекмуродов СССР байроғи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг