Қодиров Тошкентда кўтарилган СССР байроғини ўзбек халқига ҳақорат деб атади

Жамият 19994
image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрилаги Истиқлол санъат саройи олдида ташкил этилган концертда одамлар томонидан СССР байроғи баланд кўтарилгани акс этган лавҳалар тарқалди. “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров ушбу ҳолатни ўзбек халқига нисбатан ҳақорат деб атади.

“Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси куни кеча Тошкентдаги Истиқлол саройи олдида ташкил этилган беғараз концерт дастурида йўл қўйилган ғаразли провокацияни кескин қоралайди”, деб ёзади депутат.

Шунингдек, у санъатга қарши эмаслиги, санъатнинг сиёсатга қурол қилинишига қарши эканини маълум қилган.

“Тараққийпарвар ўзбек зиёлилари ва оқкўнгил аждодларимизнинг қонига бўялган босқинчи совет давлати байроғини мамлакатимиз пойтахтининг қоқ марказида баланд кўтарилишини ўзбек халқига нисбатан ҳақорат деб хисоблаймиз”, деб ёзади МТДП раҳбари.

Қодиров пост охирида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан “бу провакацияга тегишли баҳо беришни” сўраган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Алишер Қодиров бошчилигидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси “Давлат тили тўғрисида”ги қонун лойиҳасига ўзгартишлар киритишга оид таклифлар берганди. Аммо ушбу таклифлар депутатлар томонидан қабул қилинмади. Қодировнинг ўзи ушбу ҳодисани “бу масалага ўлмасак, 10 йилдан кейин қайтамиз” дея изоҳлади.

Муҳокамалар натижасида “Миллий тикланиш” ДП фракциясининг таклифи қабул қилинмаган. Овоз бериш натижаларига кўра, 58 нафар депутат таклифни маъқуллаган, 48 нафари қарши бўлган, 5 нафари бетараф қолган ва 12 нафари эса овоз бермаган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1050
Рейтинг: 3
t
×