Янги Марказий Осиё қандай тус олмоқда?
Таҳлил
−
18 Ноябрь 5736 8 дақиқа
Марказий Осиё – бу узоқ тарих давомида турли халқлар йўллари кесишган, цивилизациялар тўқнашган, кўплаб элатлар учун ватан бўлиб келган минтақа. Ўзи шундоқ ҳам турли этник таркиблар аралашиб кетган бу “қозон”га Собиқ Совет Республикасининг 1924-1936 йилларда жорий қилган сунъий чегаралари буткул вазиятни издан чиқариб юборган эди. Аслида миллий-ҳудудий чегаралаш сиёсати маҳаллий элиталарни совет тизимига боғлаш, ҳудудни бўлиб ташлаб, бошқарувни қулайлаштириш мақсадларини кўзлаган бу жараён этник гуруҳларнининг тарқоқ яшаш ҳудудларини ҳисобга олмаган эди. Бу муаммолар келгусида мустақилликка эришган беш давлатнинг муносабатларида совуқчилик тушишига сабаб бўлганди.
Бу ҳудуд учун яна бир муҳим муаммо, албатта, сув ресурсидир. Амударё ва Сирдарё минтақани сув билан таъминловчи асосий икки манбаалардир. Айниқса Ўзбекистон учун сувнинг ҳар томчиси ниҳоятда қадрли. Орол денгизининг деярли қуриб қолагни, Амударё ва Сирдарёнинг ўзани қўшни Тожикистон ва Қирғизистондалиги туфайли Ўзбекистонга сувнинг етиб келиши доимо ниҳоятда муҳим бўлган.
.jpg)
Бу муаммолар Марказий Осиё мамлакатларининг бир яхлит минтақа сифатида шаклланишига имкон бермай келаётган эди. Аммо сўнгги йилларда вазият ўзгарди, томонлар ўртасида ҳамкорлик ва интеграцион алоқалар кўпайди. Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлат раҳбарлари еттинчи маслаҳат саммити ҳам шулар жумласидан. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган саммитда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, шунингдек, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе иштирок этди.
Маслаҳат кенгаши тарихи
Марказий Осиё давлатлари ўртасида алоқаларни яхшилаш, иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни ошириш, илиқ қўшничилик муносабатларини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон раҳбарининг 2017 йилги ташаббуси билан Марказий Осиё раҳбарлари Маслаҳат саммити ташкил этилди ва илк кенгаш 2018 йил 15 март куни Қозоғистоннинг Нур-Султон (ҳозирги Остона) шаҳрида бўлиб ўтган эди. Саммитнинг асосий мақсади сифатида Марказий Осиё давлатлари ўртасида ишончли мулоқот платформасини яратиш, хавфсизлик, чегаралар, транспорт ва сув ресурслари ва бошқа минтақавий масалаларни доимий ва конструктив муҳокама қилиш белгиланди. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу кенгашнинг асосий вазифаси мажбурий қоидалар ишлаб чиқиш эмас, балки, муаммоларни маслаҳатлашув кесимида муҳокама қилиш ҳисобланган.
Саммит ҳар йили Марказий Осиёдаги беш давлатдан бирида навбат билан ўтказилиши белгиланган эди.
- 2018 йил 15 март – Нур-Султон (ҳозирги Остона), Қозоғистон
- 2019 йил 29 ноябрь – Тошкент, Ўзбекистон
- 2021 йил 6 август – Аваза, Туркманистон
- 2022 йил 21 июль – Чўлпон-Ота, Қирғизистон
- 2023 йил 14–15 сентябрь – Душанбе, Тожикистон
- 2024 йил 9 август – Остона, Қозоғистон
- 2025 йил 16 ноябрь – Тошкент, Ўзбекистон
Озарбайжон Марказий Осиё оиласида
Ўтган етти учрашувнинг охирги учтаси – 2023, 2024 ва жорий 2025 йиллардаги саммитларда Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев ҳам қатнашиб келаётган эди. Бу галги саммитнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, эндиликда Марказий Осиё оиласига Озарбайжон тўлақонли расмий аъзо сифатида қабул қилинди.
Саммит аввалида Ўзбекистон раҳбари Озарбайжон Маслаҳат учрашувлари форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қўшилганини мамнуният билан эълон қилди. Давлат раҳбари таъкидлагандек, бу қарор муштарак тарих, қардошлик ришталари, маънавий ва маданий яқинлик билан узвий боғланган халқлар манфаатларига тўлиқ жавоб беради.

“Моҳиятан биз Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида мустаҳкам кўприк барпо этмоқдамиз, ҳамкорликнинг ягона маконини шакллантиришга йўл очмоқдамиз. Бу икки минтақанинг стратегик боғлиқлиги ва барқарорлигини кучайтириши шубҳасиз”, деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Озарбайжоннинг Марказий Осиё билан бундай жиддий интеграциялашуви келгусида катта иқтисодий ва геосиёсий трансфармацияларга сабаб бўлиши айтилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, Озарбайжоннинг Марказий Осиё билан яқинлашуви ушбу бешлик учун ҳам бир қанча ижобий натижаларга олиб келади. Жумладан, бу интеграция Марказий Осиё давлатларининг глобал бозорларга чиқиш учун барқарор ва хавфсиз Ғарбий йўлакни мустаҳкамлашига хизмат қилиши мумкин.
Шунингдек, Катта Марказий Осиё (КМО) концепцияси АҚШ томонидан узоқ йиллар давомида илгари сурилган стратегик ёндашув бўлиб, минтақавий интеграцияни кучайтириш орқали Марказий Осиёнинг сиёсий ва иқтисодий мустақиллигини оширишни мақсад қилгани айтилади. Бу стратегия минтақа давлатларига Россия ва Хитой каби доминант кучлар билан мувозанатли муносабатларни сақлаш имконини бериши таъкидланади.
Лидерлик учун кураш эмас, иттифоқчилик
СССР парчаланиб мустақил давлатлар вужудга келгандан бошлаб Марказий Осиёда етакчи давлат бўлиш учун Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида рақобат бошланиб кетган эди. Узоқ йиллар давомида бу икки қардош давлат бир-бирига рақиб сифатида қараларди. Аҳоли жон бошига даромаддан тортиб, йиллик ялпи ички маҳсулотнинг қиймати бўйича ҳам давлатлар очиқчасига бўлмасада мусобақалашиб келарди. Тошкентдаги саммит олдидан Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев ва Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев орасида бўлиб ўтган музокаралар жараёни муносабатлар анчайин илиқлашганини кўрсатди.

Маслаҳат кенгашининг белгиланган санасидан икки кун олдин Ўзбекистога ташриф буюрган Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев янги “Тошкент-Ҳумо” аэропортига қўнган илк хорижий давлат етакчиси бўлди. Аэропортдан ташкил этилган тантанавор маросимдан сўнг, давлат раҳбарлари “Тошкент-Ҳумо” халқаро аэропортида суҳбат ўтказди. Ўзбекистон – Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
15 ноябрь куни Кўксарой қароргоҳида ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тўқаев ўртасидаги тор доирадаги музокараларда маълум қилинишича, 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон ва Қозоғистон орасидаги товар айирбошлаш 4 миллиард долларга етган. Келгусида эса ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва импорт ўрнини босиш орқали бу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказиш мақсад қилингани таъкидлаб ўтилди.
Музокаралар давомида Саноат кооперациясини ривожлантириш учун 8 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги лойиҳалар портфели тайёрланди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш таклиф қилинди.
Бундан ташқари, икки давлат раҳбари 15 ноябрь куни Тошкентдаги Кўксарой қароргоҳида видеоконференция режимида қўшма лойиҳаларни ишга тушириш маросимида иштирок этиб, умумий қиймати 1,2 млрд долларлик 7 лойиҳа ишга туширилди.
“Қозоқлар ва ўзбеклар қадимдан умумий илдизларга эга бўлган биродар халқлар ва дўст қўшнилар. Турмуш тарзимиз, урф-одатларимиз, маданиятимиз, менталитетимиз ва тилларимиз кўп жиҳатдан ўхшаш. Тарихий йўлларимиз ҳам чамбарчас боғланган. Ана шу муқаддас қадриятлар туфайли икки томонлама муносабатлар мисли кўрилмаган суръатларда ривожланмоқда. Мамлакатлар ўртасида олий даражадаги конструктив ва фаол сиёсий мулоқот йўлга қўйилган, савдо-иқтисодий алоқалар йил саин мустаҳкамланмоқда”, деди Тўқаев.
Тўқаевнинг фикрича, эришилган келишувлар икки халқнинг асл манфаатларига тўла мос келади ва қозоқ-ўзбек дўстлиги, яхши қўшничилиги, стратегик шерикчилиги ҳамда иттифоқчилигининг собитлигини кўрсатади.
“Қозоғистон Президенти сифатида Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият бериш бурчим деб биламан. Шуни таъкидламоқчиманки, турли “экспертлар”нинг уйдирмаларига қарамай, Қозоғистон ва Ўзбекистон асло рақиб ҳам, ҳатто рақобатчи ҳам эмас, балки стратегик ҳамкорлар, ишончли иттифоқчилардир. Иккала халқ бири-бирига чинакам биродар, яқин дўст, бир-бирига ҳурмат билан қарайди”, деди Тўқаев.
Хулоса қилиб айтганда, бу икки етакчи давлат ўртасидаги алоқа ҳар қачонгиданда яхши ва бу Ўзбекистон учун ҳам, Қозоғистон учун ҳам бирдек фойдали.
Саммитда асосий келишувлар
Бу галги саммит бошқаларига нисбатан олиб қараганда ҳам салмоқли натижаларга бой бўлди. Асосий воқеалардан бири минтақавий мулоқотнинг маслаҳатлашув шаклидан “Марказий Осиё ҳамжамияти” стратегик форматига айлантирилиши бўлди. Бундан ташқари, хавфсизлик, сув-энергетика, чегара ва транспорт масалалари тадбирнинг кун тартибида бўлди.
.jpg)
Минтақавий хавфсизлик бу Марказий Осиёнинг асосий муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Тошкентдаги саммитда бу мавзу яна қайта кўтарилди. “Минтақавий хавфсизлик, барқарорлик ва барқарор ривожланиш” концепцияси бу борада асосий муҳокама мавзуси бўлди. Хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, терроризм ва экстремизм, трансчегаравий жиноятчилик таҳдидларига қарши курашиш масалалари бўйича тизимли чоралар кўрилаётгани таъкидланди.
Бу гал ҳам Афғонистон масаласи яна кўтарилди, аммо эндиги ёндашув бироз бўлсада ўзгаргани сезилди. Саммитда Афғонистондаги вазиятнинг хавфсизликка таъсирини ҳисобга олган ҳолда ва бутун минтақанинг барқарор ривожланиши учун ушбу мамлакатни минтақавий инфратузилма, энергетика ҳамда транспорт лойиҳаларига интеграция қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбари яқинда ўтказилган “Фарғона тинчлик форуми”ни анъанавий халқаро форумга айлантириш зарурлигини билдирди.
Тадбирнинг яна бир асосий мавзуси сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқот бўлди. Бунда 13 ноябрь куни Ашхободда бўлиб ўтган Туркманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон сув хўжалиги идоралари раҳбарлари ва Қирғизистон кузатувчиси иштирокида Давлатлараро сув хўжалиги мувофиқлаштириш комиссиясининг 91-йиғилишида Чордара сув омборига вегетациялараро даврида келиши кутилаётган сув миқдори бўйича келишувга эришилгани алоҳида аҳамият касб этди.
Ўзбекистон раҳбари ўз нутқи давомида барчани келгуси йили мамлакатда ўтказилиши режалаштирилган сувни тежаш бўйича Бутунжаҳон форумида фаол иштирок этишга чақирди.
Бундан ташқари, минтақада чегаравий муаммо қоламагани, барча зиддиятларга буткул барҳам бэрилагнига алоҳида тўхталиб ўтилди. 14 ноябрь куни Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома ратификация қилингани СССР давридан бери сақланиб келаётган чегаравий зиддиятга энди қайтилмаслигини англатади.
Саммитнинг умумий руҳи Марказий Осиёни бирлашишга чорловчи, илиқ қўшничилик кайфиятида бўлиб ўтилгани сезилди. Ўзбекистон раҳбари ҳам ўз нутқида буни алоҳида таъкидлаб ўтди.
“Алоҳида таъкидламоқчиман: бизнинг кучимиз – бирликда, муваффақият сари йўлимиз – дўстлик ва ҳамкорликда. Фақат ҳамжиҳат бўлиб, ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва стратегик ёндашувларга таяниб, эзгу мақсадларимизга эришишимиз мумкин”, деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Бундан ташқари, саммит якунида қуйидаги ҳужжатлат имзоланди:
- Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 7-маслаҳат учрашуви якунлари бўйича қўшма баёнот;
- Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Қирғизистон Республикасининг 2027-2028 йилларга мўлжалланган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига номзодлиги тўғрисида БМТга аъзо давлатларга мурожаати;
- Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевни Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари фахрий кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги қарор;
- Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида Озарбайжон Республикасининг тўлиқ иштироки тўғрисида қарор;
- Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик, барқарорлик ва барқарор ривожланиш концепцияси;
- 2026-2028 йилларга мўлжалланган Марказий Осиёдаги хавфсизлик рисклари ва уларнинг олдини олиш чоралари каталоги.
Live
Барчаси