Озарбайжонда мухолифат етакчилари ҳибсга олинди
Олам
−
29 Ноябрь 3046 2 дақиқа
Озарбайжонда мухолифатнинг етакчиларидан бири, Озарбайжон Халқ фронти партияси раиси Али Каримли ва партия аъзоси Мамед Иброҳим ҳибсга олинди. Ҳодиса мамлакат сиёсий ҳаётида катта шов-шувга сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Францияда яшовчи ХФП аъзоси Нотиқ Одилов маълум қилди.
Нотиқ Одиловга кўра, Давлат хавфсизлик хизмати Керимлининг уйида тинтув ўтказган. Шу билан бирга, ушбу жараёнда Али Керимли ва унинг уйидаги мол-мулк билан боғлиқ турли тадбирлар амалга оширилган.
Шунингдек, партиянинг яна бир аъзоси Мамед Иброҳимнинг ҳам яшаш хонадонида тинтув амалиёти ўтказилган.
Маълумот ўрнида, Али Керимли Озарбайжон мухолифатининг энг таниқли ва таъсирли шахсларидан бири бўлиб, мамлакатнинг иккинчи президенти (марҳум) Абдулфаз Элчибейнинг вориси сифатида танилган. У сиёсий фаолияти давомида мамлакатда демократик ислоҳотлар ва эркинликларни ҳимоя қилишга доимо интилган.
ХФП аъзолари ва тарафдорларининг айтишича, ҳибсга олиш воқеаси мамлакат ички сиёсатида муҳим ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкин. Шу пайтгача Али Керимли мухолифатнинг турли кампанияларини олиб борган ва кенг жамоатчилик орасида катта обрўга эга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжоннинг Баку шаҳрида бир гуруҳ одамлар коммунистик мафкурани тарғиб қилиш мақсадида СССР байроқлари билан юришга уринганди. Ички ишлар вазирлиги томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида юришда иштирок этган ташкилотчилар – Абдулла Иброҳимли, Иброҳим Асадли ва бошқа шахслар аниқланиб, қўлга олинган ва уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.