Путин нега Украинага уруш очганини айтди
Олам
−
16 Март 2022
60052Россия армиясининг Украинани босиб олиш мақсади бўлмаган ва бўлмайди. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин маълум қилди.
"Биз юзага келтирмаган муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишимиз учун ҳеч қандай имконият қолдиришмади. Шу муносабат билан биз шунчаки махсус ҳарбий операцияни бошлашга мажбур бўлдик. Россиялик ҳарбийларнинг Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарлари остонасида пайдо бўлиши, бу мамлакатни оккупация қилиш мақсадида эмас, бизнинг бундай ниятимиз йўқ, бу ҳақда мен 24 февралдаги мурожаатимда ҳам очиқча айтдим”, деган Путин ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича йиғилишда.
Шунингдек, у Мудофаа вазирлиги ва Бош штаб томонидан ишлаб чиқилган ҳарбий ҳаракатлар тактикаси ўзини тўлиқ оқлаганини таъкидлаган.
Қайд этиш керакки, бугунги кунда Россия-Украина урушини тўхтатиш учун музокаралар олиб бормоқда. Ҳозиргача томонлар тўрт марта музокара ўтказди.
Сўнгги маълумотларга кўра, музокараларда Украинани нейтрал давлат мақомини олиши муҳокама қилинмоқда. Бу борада Швеция ва Австрия версиялари муқобил сифатида кўриляпти.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси