Популист депутатлар деганда, мен фақат Расулни кўрсата оламан – Алишер Қодиров
Интервью
−
28 Июль 2021
22110Ўзбекистонлик депутатлар орасида популист депутат деганда, фақат Расул Кушербоевни кўрсатиш мумкин. Бу ҳақда “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида сўз очди.
QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайховнинг “Бизда ким популист?”, деган саволига жавоб бераркан, Қодиров ЎзЛиДепдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев номини алоҳида қайд этди.
“Албатта, депутатлар орасида ҳам популистлари бор. Масалан, Расул дўстим (Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев – таҳр.). У билан тортишамиз, уришамиз, кўп томонлама “тўполон қиламиз”. Аммо шахсан уни ҳурмат қиламан ва бир жиҳатдан популист, деб биламан. Нега? Бу масалани Расулнинг ўзига ҳам кўп гапирганман. Унинг “бевосита менинг ишим”, деб кўрсатадиган нарсасига шу пайтгача гувоҳ бўлмадим. Лекин жуда кўп гапиради. Ҳақиқатан ҳам кўп муаммолар ҳақида гапиради. У одамларга ёқадиган муаммоларни гапиришни билади. Лекин бу муаммоларнинг ечими эмас-да.
Битта мисол келтираман: Сурхондарёда фуқаролар ва ички ишлар ходимлари ўртасидаги бўлган тортишув ҳақида гапирганида, менинг фикрим бошқача бўлди. Яъни, ички ишлар ходими тартибни сақлаган ҳолда, инсонлар ҳуқуқини ҳимоя қилиши керак. Қўл кўтариш орқали эмас. Жамиятда тинч ва барқарор ривожланиш нафақат давлат идоралари, балки ҳар биримиз учун керакли нарса”, дейди Қодиров.
Депутат сўзида давом этиб, Қонунчилик палатасининг бошқа депутатлари популизмдан йироқ эканини айтади. Унинг фикрича, Кушербоев депутатлик ва журналистликни ўзаро яхши бирлаштира олган.
“Мен такрор айтаман, Қонунчилик палатасида жуда яхши ишлайдиган депутатларни биламан. Лекин популистлик нуқтаи назаридан ҳеч кимни кўрсата олмаган бўлардим.
Ҳақиқатан ҳам қонун ижодкорлигига мутахассисона ёндашган ҳолда ўз таклифларини киритаётган ўнлаб депутатлар бор. Мен Расулни бежизга мисол қилиб келтирганим йўқ, чунки у битта. У депутатлик билан журналистликни бир-бирига жуда яхши тандем қилган. Расул қанчалик қонун ижодкорлиги асосида иш олиб боряпти, деган саволга албатта, жавоб бера олмайман. Чунки, у менинг фракциямдан эмас”.
Бундан бироз аввал Қонунчилик палатасининг икки депутати – Алишер Қодиров ва Расул Кушербоевнинг янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш жараёнида диний таълим масаласи борасидаги баҳси катта шов-шувларга сабаб бўлганди. Расул Кушербоев ушбу қонун муҳокамасида “Миллий тикланиш” партияси диний таълимда эркинлик берилишига қарши чиққанини маълум қилди. Орадан кўп ўтмай, Алишер Қодиров ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Кушербоевга жавоб йўллади. Қодиров QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида ушбу қонун муҳокама қилинаётганда, Кушербоев залда бўлмагани, лекин популистик ёндашувни танлагани, шов-шув кўтарганини иддао қилди.
“Виждон эркинлиги борасида қонун қабул қилинаётганда Расул мени “Диний таълимга қаршилик билдирди”, деб танқид қилди. Аслида, қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётганда, Расул залда йўқ эди. Шунинг учун популист депутатлар деганда, мен фақат Расулни кўрсата оламан. Қолган депутатларнинг ичида жуда яхши ишлаётган, Қонунчилик палатасининг депутати деган мақомга лойиқ бўлган ҳақиқий депутатлар бор ва буни самарали эплай олмаётган депутатлар ҳам бор”, дейди Қодиров.
“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров билан суҳбатни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.