“Миллий тикланиш” партияси диний таълимни кенгайтиришга қарши чиқди – Кушербоев
Жамият
−
06 Май 2021
18934Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеп фракцияси аъзоси Расул Кушербоев “Миллий тикланиш” партиясининг чиқишларини фитна қўзғашга ўхшаш ҳаракатларига қиёслаб, партия вакилларининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш жараёнида диний таълим муассасасида таълимни кенгайтириш масаласига қарши чиққанини маълум қилди.
“Сўнгги вақтлар “Миллий тикланиш” партияси миллат тақдири, тарбия, билим деган гапларни бот-бот такрорламоқда. Агар ростдан ҳам шундай бўлса, нима учун куни кеча минглаб, керак бўлса, миллионлаб юртдошларимиз кўз тикиб турган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш жараёнида айнан “Миллий тикланиш” партияси вакиллари диний таълим муассасасида таълимни кенгайтириш масаласига қарши чиқди? Диний билим, шу жумладан, муқаддас Ислом дини ҳақида таълим олиш фақат диний соҳа ходимлари учун эмас, аҳоли, шу жумладан, ота- оналар учун ҳам эркин бўлиши зарурлигини таъкидлаган Дониёр Ғаниев ва мени нима учун қўллаб-қувватлашмади? Аксинча, улар буни терроризм, радикализм билан боғлади, юртдошларимизга бу масалада ишонишга эрта, деган қараш билан диний таълимда эркинлик берилишига қарши чиқди, фақат диний идора ходимлари учун диний таълим олиш мумкин, деган эскирган қолипни ёқлади.
Ушбу позициянгиздан кейин ҳам Сизларни ким деб аташимиз керак, “Миллий тикланиш”ми ёки? Мен атайин мақоладаги айрим чалкашлик ва оддий саводхонлик масаласидаги қўпол хатоликларга ҳам кўз юмдим.
Ўйлайманки, “Миллий тикланиш”нинг мендан бошқа ташвиши, муаммолари ҳам кўп ва яхшиси, бизни тинч қўйиб, ҳар хил фитна, ғийбатлар билан эмас, партия олдида турган жиддийроқ ишлари билан шуғулланишсин?” деб ёзади депутат.
Расул Кушербоев охирги вақтлар “Миллий тикланиш” партиясининг чиқишларига эътибор қилмасликка уринаётганини таъкидлади.
“Тўғриси, охирги вақтлар “Миллий тикланиш” партиясининг чиқишларига эътибор қилмасликка уриняпман. Чунки улар негадир муаммоларни сунъий яратиш, одамларни уриштириш, низо чиқариш, оддий айтганда, фитна қўзғашга ўхшаш ҳаракатлар қилаётганга ўхшайди. Балки адашгандирман, бироқ бу сўнгги пайтлардаги шахсий кузатувларим.
Шу боис ҳар бир иши, чиқишига эътибор қилаверсам, мен ҳам айирмачига айланиб қоламан. Мен эса ўзбек, қирғиз, тожик, рус, корейс, татар, қозоқ, уйғур ва бошқа дўстларим, қадрдонларим билан “Сен ариқнинг у томонида экансан”, деб уришишни истамайман”, деб ёзади Кушербоев.
Шунингдек, депутат “Миллий тикланиш” “Жаноб Либераллар, сукут аломати ризоми?” сарлавҳали мақолада Расул Кушербоев, Дониёр Ғаниев ва Ўзбекистон Либерал лемократик партияни тадбиркорларга сунъий равишда ёмон кўрсатишга уринганини қайд этди.
“Бироқ ушбу партия нашрининг 5 май 15-сонида жимжимадор қилиб ишланган коллаж остида босилган “Жаноб Либераллар, сукут аломати ризоми?” сарлавҳали мақолада негадир яна сунъий равишда тадбиркорларга мен, Дониёр Ғаниев ва биз аъзо бўлган партияни ёмон кўрсатишга уринишибди. Бунақа “бозорбоп” чиқиш учун энг муносиб жавоб аслида эътибор бермаслик эди. Лекин андишанинг оти ҳам қўрқоқмас, индамасак бўлмаслигини тушундик.
“Миллий тикланиш” партияси газетаси баҳонасида уларга бир нарсани эслатиб ўтмоқчиман: О‘zLiDeP фракциясидаги ҳар бир депутат алоҳида индивидуал шахс ва ҳар бирининг ўз мустақил фикри бор. Фикрлар доим ҳам бир жойдан чиқмаслиги мумкин. Чунки либераллик, аввало, эркинлик ва янгиликка интилиш дегани.
Ҳаммани бирдек, бир қолипда фикрлашга ўргатиш ва айттириш собиқ иттифоқ мафкурасига хос иш. Бу мафкура кўпроқ “Миллий тикланиш”га ёққан кўринади. Ёқса, марҳамат, ворислик қилаверинг, бироқ бизни тинч қўйинг!
Яна бир гап. Мақолада иддао қилинган мавзу, яъни кўчалардаги реклама масаласида мен ўз фикримни айтдим: ёқадими-йўқми, буниси қизиқмас. Йўллар, аввало, ҳайдовчи ва йўловчига қулай бўлишини истайман, йўл реклама майдони ёки бозор эмас. Йўл, бу ўз номи билан йўл ахир. Йўл бўйларига ҳар қандай бўлар-бўлмас реклама воситалари қўйилишига шахсан мен қаршиман. Бу гапим ёқмаса ёқмас, бироқ сунъийлик қилиб, ёқмаган гапни ёқди, деб айтолмайман-ку! Хуллас, реклама қилишга йўлдан бошқа жой топиш керак”, деб ёзади у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров ва Либерал-демократик партия фракцияси аъзоси Расул Кушербоев ўртасида давлат ҳокимияти органларини ноқонуний қурилишларни бузиш бўйича қарорларини судга беришда давлат божини тўлаш ёки тўламаслик тўғрисида тортишув юз берганди.
Алишер Қодиров ушбу тортишувни “жуда ҳам нормал ҳолат”, дея баҳолаганди.
LiveБарчаси