Песков Украинадаги урушнинг бориши ҳақида маълумот берди
Олам
−
17 Май 2022
13303Россия Федерациясининг Украинадаги “махсус операцияси” режа бўйича ва самарали давом этмоқда, ҳарбийлар қаҳрамонлик кўрсатмоқда ҳамда барча режалар амалга ошишига шубҳа йўқ. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков айтиб ўтди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Яқинда Президент ҳамма нарса режа бўйича кетаётганини айтди. Ҳаммаси режа бўйича кетмоқда. Жуда самарали. Ҳарбийларимизнинг муваффақиятларини кўриб турибсиз, аскарларимиз кўрсатаётган қаҳрамонликни кўряпсиз, шунинг учун ҳам барча белгиланган мақсадларга эришилишига шубҳа йўқ”, дея жавоб берган Песков журналистларга.
Эслатиб ўтамиз, Америка урушни ўрганиш институти ISW ўз хисоботида Россия Президенти Владимир Путин яқин ойларда Украинанинг босиб олинган жануби (Херсон ва Запорожье вилоятлари) ва шарқини (Донецк ва Луганск вилоятларини) тўғридан-тўғри Россия Федерацияси таркибига қўшиб олмоқчи эканлиги ҳақида маълум қилганди.
Институт тахминича, Путин Россия ҳудудини ҳимоя қилиш учун ядро қуролидан фойдаланишга рухсат берувчи рус доктринаси ушбу янги қўшилган ҳудудлар учун ҳам тўғридан-тўғри ёки билвосита таъсир қилишини даъво қилади. Бу иддао ўз навбатида босиб олинган ҳудудларини озод қилиш учун қарши ҳужумга ўтадиган Украина ва унинг шерикларини ядро қуроли нишонига айлантиради.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
Камронбей Кенжаев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь