Пентагон Украина армиясининг самарадорлигини баҳолади
Олам
−
13 Август 2022
9125Расмий Вашингтон наздида Украина Қуролли Кучларининг самарадорлиги 10 балли шкалада фронтдаги сўнгги натижалардан келиб чиқиб, 12 баллни ташкил этади. Бу ҳақда Америка Қўшма Штатлари Мудофаа вазирлигининг номи сир тутилган юқори мартабали мулозими маълум қилди.
Қайд этилишича, Россия-Украина урушидаги вазият кучдаги устунликка қарамай, рус босқинчилари фойдасига ҳал бўлмаяпти. Гарчи Россия Украинага қараганда анча катта кучга эга бўлса ҳам, Киев эришаётган муваффақият украиналик аскарларнинг маънавиятига, ўзини-ўзи ҳимоя қилиш қобилиятига сезиларли даражада таъсир қилмоқда.
“Улар [украиналик аскарлар] имконсиз деб ўйлаган нарсаларни қилиш йўлларини топди”, дейди расмий.
Пентагон расмийсининг сўзларига кўра, Херсон шаҳрида Украина кучлари русларга қарши қаттиқ босим ўтказишда давом этмоқда. Хусусан, улар руслар томонидан фойдаланилган кўприкларга зарар етказмоқда.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
Европа мамлакатлари аллақачон Россия нефтини етказиб беришни алмаштиришни бошлаган. Мисол учун, май ойининг охирида Бирлашган Араб Амирликлари икки йиллик танаффусдан сўнг Европага нефть етказиб беришни тиклади.
LiveБарчаси