Парчаланиб кетган сув ости кемасидан одам қолдиқлари топилди (видео)

Олам

image

Жорий йилнинг 18 июнь куни йўқолиб, кейинчалик портлаб кетгани маълум бўлган “Титан” батискафи вайроналари орасидан одам қолдиқлари топилди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.

Портлаб кетган сув ости кемаси бўлаклари Канаданинг Ньюфаундленд қирғоғига келтирилди. Ўтган ҳафтада соҳил қўриқлаш хизмати сув ости кемасидаги беш экипаж аъзоси портлашда ҳалок бўлганини маълум қилган эди. Кеча, 28 июнь куни эса АҚШ қирғоқ қўриқлаш хизмати “Титан” вайроналари ичидан тахминий инсон қолдиқлари топилгани ҳақида хабар берди.

“Далиллар халқаро терговчилардан ушбу фожиа сабабларига танқидий ёндашишни талаб қилади. “Титан”нинг ҳалокатига олиб келган омилларни тушуниш ва шунга ўхшаш фожианинг бошқа такрорланмаслигини таъминлаш учун ҳали кўп иш қилиш керак”, деди Денгиз тергов кенгаши раиси Жейсон Нойбауер.

Кеча Канаданинг “Horizon Arctic” кемаси орқали “Титан”нинг йирик металл бўлаклари Сент-Жонга олиб келинди. Бу бўлаклар кеманинг оқ корпуси ва денгиз тубига тушиш учун мўлжалланган қўниш мосламаларининг қисмлари бўлиши мумкин. Wооds Hole Океанография институти ходими Карл Хартсфилд топилган қолдиқларда электрон маълумотлар бўлиши ва бу “Титан” ҳалокати сабабларини ойдинлаштиришидан умид қилмоқда.

“Албатта, ҳар қандай сув ости транспортидаги барча асбоблар маълумотларни ёзиб олади ва узатади”, деди у.

Саноат мутахассислари узоқ вақтдан бери кеманинг дизайнига шубҳа билан қараб келган. Расмийларнинг сўзларига кўра, бу қолдиқлар кеманинг экспериментал дизайни, хавфсизлик стандартлари ва сертификати йўқлиги ҳақидаги ушбу шубҳаларни ойдинлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Батискафни топишда фойдаланилган “Horizon Arctic” транспорт воситасига эгалик қилувчи “Pelagis research services”  компанияси кеча, 28 июнь куни қидирув операциялари якунлангани ҳакида баёнот берди. 

“Жамоа аъзолари 10 кундан бери кеча-ю кундуз ушбу операцияда жисмоний ва руҳий қийинчиликлар остида ишламоқда ва миссияни якунлаб, яқинлари олдига қайтишга интилмоқда”, дейилади компания баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 июнь куни Атлантика океанининг “Титаник” кемаси чўккан қисмига экспедиция уюштирган “Титан” сувости кемаси ғойиб бўлган эди. Шундан сўнг йўқолган батискафда кислород тугаган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилди. Кейинроқ АҚШ қирғоқ қўриқлаш хизмати қидирув ҳудудидан номаълум қолдиқлар топилганини маълум қилди ва батискаф фожиаси сабаблари бўйича расмий тергов бошланди. Экипаж аъзолари эса ҳалок бўлган, деб топилди.

Севара Ҳусниддинова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

сув ости кемаси Титан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг