Ўзбекистон ЕОИИга босим остида аъзо бўляптими?
Жамият
−
08 Август 2020
21837Ўзбекистоннинг Россия доминант бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши кўплаб баҳсларни келтириб чиқарганди. Ҳозирда тегишли қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан тасдиқланган, аъзолик масаласи ҳал бўлган дейиш мумкин. Қонунни Президент имзоласа бўлгани.
2019 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистоннинг ташкилотга яқинлашуви ҳақида дастлабки маълумотлар пайдо бўлиши билан мамлакатнинг ЕОИИга аъзо бўлиши тўғри эмаслиги, тузилма Россиянинг қўшниларига таъсир ўтказиш қуроли экани ҳақида фикрлар янграганди. Ҳатто, мамлакатдаги сиёсий партиялар ҳам бунга муносабат билдирди. Баъзилар ташкилот ҳақидаги дастлабки салбий фикрини кўз очиб юмгунча ўзгартириб ҳам олди.
Ўзбекистонда депутатлар зўр бериб, ташкилотга аъзоликнинг фойдалари ҳақида гапирди. Янги бозор очилиши, иқтисодиётга фойда бўлиши урғуланди. Бу орада Россия томони Ўзбекистонга босим қилаётгани ҳақидаги гап-сўзлар инкор қилинди.
Қонун лойиҳаси Сенат томонидан тасдиқланганидан кўп ўтмай, Сўхда, ўзбек-қирғиз чегара ҳудудида можаро юз берди. Ҳозир можаро тафсилотига тўхталмаймиз. Шу масала юзасидан икки давлат делегацияси учрашувида Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари (ҳозир Бош вазир) Кубатбек Боронов Сўх ва Фарғона йўлининг ёпилиш сабабини ЕОИИ эканини айтди. Бу Ўзбекистонни ташкилотга тортиш учун босим бўлмай нима? Бу гаплар ўша вақтдаги асосий масала “сояси”да қолиб кетди.
Энди бўлса, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Олий Мажлис Сенати минбаридан Россия Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлиши учун меҳнат муҳожирлари орқали таъсир ўтказаётганини айтди. Аниқлик киритамиз, вазир жаноблари мигрантлар масаласида расмий Москвага таклиф қилинган яхши шартнома ЕОИИ сабаб тасдиқланмаганини билдирди. Хусусан, у шундай деди:
“[Россиядаги] фуқароларимиз тақдирини енгиллаштирадиган қатор ҳужжатларларни тайёрлаган эдик. Россия билан бир иккита ҳужжатларни имзоламоқчи бўлган эдик, лекин улар қабул қилмади. Жуда кўп нозик томонлари бор, буни ҳам, ўйлайманки, сенаторларимиз билиши керак. Улар айтаяптики, “тўғри ёзилган, яхши шартнома. Шартномани нима қиласиз? Мана, Евроосиё иқтисодий иттифоқига тўлиқ аъзо бўлиб киринглар. Ҳеч қанақа шартнома керак бўлмайди. Ана шунда ҳамма муаммолар ўз йўли билан ҳал бўлиб кетади”, дея Россия томонининг жавобини келтиради Комилов.
Вазирнинг таъкидлашича, ЕОИИ сингари институтларнинг кўплаб салбий, ижобий тарафлари бор. Шунинг учун, ўрганиб қадам ташлаш керак. Лекин шундай муаммолар кун тартибида бор.
Комиловнинг айтганларидан кўриниб турибдики, Ўзбекистонни тезроқ ЕОИИга қўшиш ҳаракати бор. Аммо ташкилотга аъзо бўлган давлатлар – Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон Россиядан норозилиги ошкор бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 24 январь куни Парламентга йўллаган мурожаатида ушбу масалага ҳам тўхталиб, қуйидагича фикр билдирган эди:
“Импорт ва экспортимиз Қозоғистон ва Россиянинг транзит йўллари орқали ўтади. Қолаверса, аҳолимизнинг кўп қисми Россия ва Қозоғистонда ишламоқда. Шуларни инобатга олиб, ЕОИИга аъзолик масаласини кўриб чиқяпмиз”.
Президентнинг қайд этишича, ЕОИИга аъзолик масаласида халқнинг манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг хоҳиш иродасига таянилади. Шунинг учун депутат ва сенаторлар ушбу масалани атрофлича муҳокама қилиб, ҳар бир масала бўйича масъулиятни ўз зиммаларига олган ҳолда асосланган хулосаларни айтиши керак.
“Депутатлар нима деса, шу бўлади. Қўлга қалам олиб ҳисоб-китоб қилинглар. Мен айтган масалаларни ҳам албатта, инобатга олиш шарт”, деган эди Мирзёев.
Маълумот ўрнида, ЕОИИ – 2015 йил 1 январдан бошлаб фаолият кўрсатувчи халқаро интеграция иқтисодий бирлашма ҳисобланади. Иттифоқ таркибига Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон киради.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь