Муаммолар гирдобидаги ЕОИИ. Путин газ нархини арзонлаштириш шартини айтди
Олам
−
20 Май 2020
8964Евроосиё иқтисодий иттифоқининг ҳозирги интеграциялашув даражасида газ транзити учун ягона тариф жорий қилиб бўлмайди. Видеоконференцалоқа шаклидаги саммитда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг газ нархи бўйича эътирозларига жавоб бериб, шундай фикр билдирди.
ЕОИИда газ бозорида нархлар ҳамон тартибга солинмаган. Иттифоққа аъзо давлатлар Беларусь ва Арманистон эса Россиядан газни арзонроқ сотиб олишни хоҳлайди. Нарх борасидаги келишмовчиликлар интеграцияни чуқурлаштиришга ҳам ҳалал беради.
Аммо Путин қўшниларига газни арзонроққа сотиш ниятида эмас. Унинг сўзларига кўра, Иттифоқ ҳудудида газ етказиб бериш ва транзит учун ягона нарх жорий қилишдан аввал баъзи ишларни бажариш керак бўлади.
“Арман ва беларуслик дўстларимизнинг газ етказиб бериш ва транзит қилиш учун ягона тариф жорий қилиш таклифига келсак, биз ягона тариф ягона бюджет ва солиқ тизими жорий қилингандагина амалга ошиши мумкин деб ҳисоблаймиз. ЕОИИда интеграциянинг бундай чуқур даражасига ҳали етганимиз йўқ”, деди Путин иттифоқчиларининг талабига жавобан.
Путиннинг фикрича, ҳозир газ нархи бозор коньюктурасидан келиб чиқиб белгиланиши керак. Шу орқали Путин аввал иттифоқчиларини ўзига боғлаб олиб, яъни интеграцияга эришиб, сўнг газ нархини пасайтирмоқчи.
Россия Президенти Беларусга етказиб берилаётган газ нархига тўхталиб, у харажатлар ва етказиб берувчи инвестициясини ҳисобга олган ҳолда шаклланишини таъкидлаган.
Германия Россиядан минг куб метр газни 65-68 долларга сотиб олгани ҳолда, унинг иттифоқчиси Беларусга ҳудди шунча газ 127 долларга тушади. Бу "иттифоқчи" номига эга Беларусь учун алам қилиши табиий. Ахир, Германия бошқа Ғарб давлатлари билан Россияга қарши санкция жорий қилган. Шунга қарамай газ унга арзон сотиляпти.
Сўнгги вақтларда Қирғизистон ҳам ЕОИИдаги иштирокидан мамнун эмас. Мамлакат ўз товарларининг Россия бозорига етказиб берилишидаги тўсиқлар ва газ нархининг қимматлигидан норози. Аҳамиятлиси, Қирғизистонда газ етказиб берувчи “Қирғизгаз” ташкилоти тўлиғича “Газпром”га тегишли, аммо бу газ нархи юқорилигича қолишига ҳалал бермаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ўзаро келишмовчилик ва норозиликлар гирдобида қолган ЕОИИга кузатувчи-давлат мақомида киришга яқин турибди. Тегишли қонунни парламентнинг икки палатаси ҳам маъқуллади. Қонун Президент тасдиғидан ўтса, ҳаммаси ҳал бўлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь