Мирзиёев босим остида эгиладиган сиёсатчи эмас – Сафоев ЕОИИга қўшилиш ҳақида

Жамият 4032
image

Шу кунларда Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши билан боғлиқ гап-сўзлар, тахмин ва эҳтимоллар куни тартибида турибди. Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Россия Федерацияси Федерация кенгаши делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи юзасидан ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиш масаласи бўйича аниқ қарор қабул қилинмаганини маълум қилди. Бу ҳақда Спутник ёзмоқда. 

Сафоевнинг сўзларига кўра, Валентина Матвиенконинг Евроосиё иқтисодий иттифоққа қўшилиш ҳақидаги баёноти ҳаддан ташқари резонансга эга эмас. Чунки шундай режалар сўнгги уч йил давомида муҳокама қилинган, аммо якуний қарор қабул қилиш учун ҳар томонлама пухта таҳлилни талаб қилади.

“Бу ҳақда Президентнинг ўзи парламент олдида гапирган, бундан ташқари, август ойида Беларусда битим имзоланган. У ерда, шу қаторда, Беларуснинг ЕОИИдаги тажрибасини инобатга олган ҳолда ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқиш тўғрисида банд бор эди. Бу мавзу янги эмас. Эксперт гуруҳлари ишламоқда, масалани ўрганишмоқда. Барча ижобий ва салбий томонлар таққосланиши билан қарорни эълон қиламиз.

Ўзбекистоннинг қабул қилиниши ёки қабул қилинмаслиги, агар Ўзбекистон қарор қабул қилса ва шунга мурожаат қиладиган бўлса, ҳар бир давлатнинг консенсус – ҳар биттаси шунга рози бўлиши керак. Шунинг учун биз улар билан музокаралар олиб боришимиз, ишчи гуруҳи тузишимиз керак”,  дейди Сафоев.

Сенат раисининг биринчи ўринбосари иттифоққа қўшилиш масаласида босим ўтказилиши эҳтимоли мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб бераркан қуйидагиларни таъкидлади:

“Ўзбекистон – унга босим ўтказиш мумкин бўлган давлат эмас, Президентимиз босим остида эгиладиган сиёсатчи эмас. Ва буни ҳамма жуда яхши билади. Шундай экан, ҳеч қандай босим ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. ЕОИИ аъзо давлат вакилларидан саволлар бўлди, турли фикрлар билдирилди. Музокаралар кетяпти – икки томон манфаатлари ҳақида. Бу ерда оддий дипломатик жараён кетяпти”.

Сафоевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳар қандай ташкилотга аъзо бўлишда фақат ўз манфаатларидан келиб чиқиб қарор қабул қилади.

“Бизда уч йилдан бери очиқ ташқи сиёсат олиб бориляпти. Биз 25 йил давомида қўрққан, қочган – Туркий кенгашга қўшилдик, энди Европа Иттифоқи билан Европа бозорларига чиқиш учун кенгайтирилган ҳамкорлик тўғрисида келишувни муҳокама қилмоқдамиз. Биз ЕОИИга қараганда, кўпроқ ривожланган платформалар мавжудлигини тушунамиз. Масалан, Европа иттифоқи. Аммо бу уюшма доирасида давлатлар ўз мустақиллигининг бир қисмини – молиявий, қонунчилик, суд соҳаларида йўқотадилар, чегаралар бўйича ҳам имтиёзлар мавжуд ва ҳоказо. Евроосиё иқтисодий иттифоқи буни назарда тутмайди. Шунинг учун, қарор қабул қилганимизда, биринчи навбатда ушбу томонларга эътибор қаратамиз”, деб хулоса қилди Сафоев.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 92
Рейтинг: 2.8
Будьте в курсе событий!
×
×