Танзила Норбоева Сенат Раиси лавозимига қайта сайланди
Жамият
−
13:58
1267Президент Шавкат Мирзиёев томонидан номзоди Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига тақдим этилган сенатор Танзила Норбоева сенаторлар томонидан сайланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Сенат Раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сенатор Содиқ Сафоев, Сенат Раисининг ўринбосари лавозимига сенатор Аманбай Оринбаев сайланди.
Президент Танзила Нарбаева, Содиқ Сафоев, Аманбай Оринбаевни уларга билдирилган юксак ишонч билан табриклаб, уларнинг келгуси фаолиятида ютуқ ва муваффақиятлар ёр бўлишини тилади.
“Ўзингиз бир тасаввур қилинг – 37 миллионлик халқдан фақатгина 65 нафар инсонга сенатор бўлишдек юксак шараф ва бахт насиб этди. Бу улкан ишонч ва масъулиятнинг қадрига етиш, уни ҳалол ва содиқ хизмат билан оқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Сизлар Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этишга муносиб ҳисса қўшасизлар, халқчил ва адолатли қонунлар қабул қилиб, барчага ўрнак бўласизлар, деб тилак билдираман.
Мен сиз, муҳтарам сенаторлар тимсолида ана шундай катта ишларга қодир, Ўзбекистон олдида турган стратегик вазифаларни чуқур англайдиган, Ватан ва халқ манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган фидойи инсонларни – ўзимнинг энг яқин маслакдошларимни кўраман.
Сизлар бор билим ва тажрибангиз, куч ва имкониятингизни ишга солиб, мамлакатимиз ҳаётида, Сенат фаолиятида янги, ёрқин саҳифа очасиз, деб ишонаман”, деди Президент мажлис якунида.
Маълумот учун, Танзила Норбоева 1956 йилда Андижонда туғилиб, 70-йиллар ўрталарида Тошкентга келган. У 1981 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаган. 1975-1995 йиллари Тошкент шаҳрида мактаб ўқитувчиси, директор ўринбосари ва Тошкент шаҳар ўқувчилар уйи директори, кейинчалик турли даражадаги давлат органларида масъул лавозимларда ишлаган.
1995-2010 йиллари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, котибият мудири, Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш мажмуаси раҳбари, котибият мудири, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти етакчи мутахассиси, бош мутахассиси лавозимларида, 2010-2016 йиллари Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси лавозимида ишлаган.
2016 йилдан 2019 йилнинг 21 июнига қадар Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритган. 2019 йилдан бери у Олий Мажлис Сенати раиси сифатида ишлаб келмоқда.
Оилали, 2 нафар қиз фарзанди бор.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 27 октябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайлови натижасига кўра, Танзила Норбоева халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига сайланганди. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши эса уни сенаторликка сайлади.
LiveБарчаси