Танзила Норбоева депутатликка сайланди
Жамият
−
01 Ноябрь
9713Жорий йил 27 октябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайлови натижасига кўра, 2019 йилдан бери Сенат раиси вазифасида ишлаб келаётган Танзила Норбоева халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига сайланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиясининг тегишли қарорида сўз боради.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзоди кўрсатилган Танзила Норбоева 13-Себзор сайлов округидан депутатликка сайланган.
50 ўринли шаҳар Кенгашига сайланган депутатлар орасида номзодлари ЎзЛиДеПдан кўрсатилган Тошкент ҳокими Шавкат Умурзоқов ва Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев ҳам бор.
Маълумот учун, Танзила Норбоева 1956 йилда Андижонда туғилиб, 70-йиллар ўрталарида Тошкентга келган. У 1981 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаган. 1975-1995 йиллари Тошкент шаҳрида мактаб ўқитувчиси, директор ўринбосари ва Тошкент шаҳар ўқувчилар уйи директори, кейинчалик турли даражадаги давлат органларида масъул лавозимларда ишлаган.
1995-2010 йиллари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, котибият мудири, Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш мажмуаси раҳбари, котибият мудири, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти етакчи мутахассиси, бош мутахассиси лавозимларида, 2010-2016 йиллари Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси лавозимида ишлаган.
2016 йилдан 2019 йилнинг 21 июнига қадар Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритган. 2019 йилдан бери у Олий Мажлис Сенати раиси сифатида ишлаб келмоқда.
Оилали, 2 нафар қиз фарзанди бор.
Эслатиб ўтамиз, сайлов олдидан ЎзЛиДеПдан Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова номзоди, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Маданият вазири Озодбек Назарбеков, “Адолат” СДПдан Адлия вазири Акбар Тошқулов, ХДПдан Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ва Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, Экологик партиядан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилганди. Бироқ вазирларнинг ҳеч бири депутат бўлмади.
LiveБарчаси