Вазирлар депутатликка ўтмади
Жамият
−
31 Октябрь
12413Жорий йил 27 октябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайловида бир қатор вазирларнинг ҳам номзоди сиёсий партиялар томонидан депутатликка кўрсатилганди. Сайлов натижаларига кўра, уларнинг ҳеч бири депутатликка ўтмайдиган бўлди. Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари рўйхатида уларнинг исм-шарфи кўрсатилмаган.
Сайловолди жараёнида ЎзЛиДеПдан Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова номзоди, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Маданият вазири Озодбек Назарбеков, “Адолат” СДПдан Адлия вазири Акбар Тошқулов, ХДПдан Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ва Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, Экологик партиядан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов номзоди кўрсатилганди.
Шунингдек, сиёсий партияларнинг парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига қўйилган номзодлари таркибида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов ҳам бор эди.
Бироқ улар парламент депутатлари орасида йўқ.
Маълумот учун, Ўзбекистонда парламент сайловларида ҳукмрон Либерал-демократик партия (ЎзЛиДеП) ғолиб деб эълон қилинди. ЎзЛиДеП Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 150 депутатлик ўринларидан 64 тасини, “Миллий тикланиш” – 29, “Адолат” – 21, ХДП – 20, “Экопартия” – 16 ўринни эгаллади. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловда сайловчиларнинг 74,72 фоизи иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ижтимоий тармоқларда Маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова депутат бўлиш учун лавозимини тарк этгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида вазирликлар матбуот хизматлари билан боғланганда, иккала вазирликнинг матбуот котиби ҳам бу хабарларни рад этганди. Хусусан, QALAMPIR.UZ манбаси Ҳилола Умарова депутатликни рад этиб, ариза ёзгани ва вазирликдаги фаолиятини давом эттиришини билдирди.